Али Аҳмад Мулланинг овози бутун дунёга маълуму машҳур. У 40 йилдан буён Маккадаги Масжидул Ҳаромда мусулмонларни жамоат намозига чорлаб келади.
Гарчи унинг исмини билмасангиз-да, овозини, эҳтимол кассета ва дискларда ёки телевизор ва интернетда эшитгансиз. Унинг азон айтган аудио ёзувлари Америкадан Хитойгача бўлган дунёнинг турли бурчакларидаги мусулмонларнинг қулоғига етиб борди.
Алининг овози чиройли ва гўзал бўлганлиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муаззинлари шарафига унга “Билолул Ҳарам”, яъни “Масжидул Ҳаром Билоли” номи берилган.
Али Аҳмад 1945 йилда муаззинлар оиласида туғилган. Отаси Аҳмад Мулла, бобоси Али Мулла, амакиси Сиддиқ Мулла ва амакиваччаси Абдумалик Мулла Масжидул Ҳаромда муаззинлик қилганлар. Али Аҳмад биринчи марта 14 ёшида Масжидул Ҳаромда азон айтди. Мулла Алининг 12 нафар фарзанди бор.
1970 йилда пойтахт Риёддаги Техника институтини тамомлагандан сўнг, у Абдуллоҳ ибн Зубайр номидаги ўрта мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади.
Гарчи 13 йилдан буён у ерда азон айтаётган бўлса-да, у расман 1974 йилда Масжидул Ҳаром муаззини этиб тайинланди.
1980 йилгача микрофон ва овоз кучайтигич ишлатилмагани учун, Каъбада бир вақтнинг ўзида 24 та муаззин турли нуқталардан азон айтарди. Масжидда техник воситалардан фойдаланиш бошланганда, фақат бир киши азон айтишига тўғри келарди. Шу сабабли расмий муаззинлар сони 16 тага қисқартирилди. 16 муаззин ҳафта кунларининг маълум бир кунлари навбатма-навбат азон айтадилар.
1979 йил кузида Масжидул Ҳаром террорчилар томонидан босиб олинганда, Али Мулла гаровга олинганлардан бири эди. 255 кишининг ўлимига сабаб бўлган ушбу ҳодиса натижасида 23 кун давомида масжидда азон айтилмади. Али Мулла айтган баланд ва жарангдор азон товушлари Масжидул Ҳаром босқинчилардан озод этилганини билдирди.
Али Мулланинг айтишича, анъанавий мақоматлар азон айтиш ва Қуръон қироати учун мос келади. Замонавий мақомлар мусиқага ўхшаб кетганлиги учун уларни азон ва Қуръон ўқишда қўллаш нотўғри.
Ҳозир ҳам Масжидул Ҳаромда 16 та муаззин азон айтади. Мулла Али пайшанба шомдан жума куни хуфтонгача бўлган намозларда мусулмонларни Масжидул Ҳаром сари ибодатга чорлайди. 2016 йилда касаллиги туфайли у бир қанча вақт азон айтмади. Айни пайтда Али Мулла ўз овози билан одамларни “нажот”га чорлашда давом этмоқда.
Интернет маълумотлари асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев тайёрлади
ALLOX Rozi bulsin sizdan Ali Axmad!videoni taerganlarnixam ALLOX mukofatlasin!
Alloh rozi boʻlsin, bizni zurriyotlarimizdan ham mana shu insonlardek islomga xizmat qiluvchi solihlar chiqsin
Оллох рози булсин, умрлари узок булсин