Мазкур нарсалар ичидан наботот ва ҳайвонот каби ақлсиз мавжудотларнинг тасбеҳ айтишлари қандай бўлишини уламолар икки хил тафсир қилганлар:
1. Сўз билан тасбеҳ айтадилар. Яъни барча махлуқотлар ўзларининг тилларида Аллоҳ таолога тасбеҳ айтиб турадилар. Уларнинг тасбеҳларидан хос бандалар хабардор бўлишлари мумкин. Бу қараш аксар уламоларнинг қавли ҳисобланади;
2. Уларнинг ҳолатлари тасбеҳ ҳисобланади. Яъни, ақлсиз мавжудотларнинг ақллар ҳайратда қоладиган таркибий тузилишлари-ю ташқи кўринишлари уларни шундай яратган Зотнинг барча нуқсонлардан холи эканига далолат қилиб туради. Уларнинг ана шу далолатлари тасбеҳ ҳисобланади.
Ақлсиз мавжудотлар ҳам сўз билан тасбеҳ айтадилар, деган уламолар уларнинг тасбеҳ айтишларини икки хил маънода тушунтирганлар:
1. Аллоҳ таоло осмонлару ердаги жонли-жонсиз барча нарсаларда тасбеҳ бўлиб зикр қилинадиган нарсани яратган. Аммо биз ҳам, уларнинг ўзлари ҳам тасбеҳ айтаётганларини англамайдилар.
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтми ёки ундан бошқасими барча руҳи бор нарсалар тасбеҳ айтиб туради”, деган.
Калбий раҳматуллоҳи алайҳ: “Дарахтлар ва униб чиққан барча нарсалар тасбеҳ айтадилар. Улардан кесиб ташлангани эса тасбеҳ айтмайдиган ўликка айланади”, деган.
Имом Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳдан: “Мана бу хонтахта ҳам тасбеҳ айтадими?” – деб сўрашганида: “Дарахтида турган пайтида тасбеҳ айтган, ҳозир эса айтмайди”, деб жавоб берган.
Баъзи уламолар: “Ҳар бир нарса асл ҳолида турганда тасбеҳ айтади, асл ҳолатидан ўзгартирилса тасбеҳ айтишдан тўхтайди. Масалан, дарахт шохлари дарахтда ўсиб турганда тасбеҳ айтади, кесиб олиниб бирор буюм ясалгач, тасбеҳ айтишдан тўхтайди”, дейишган.
Баъзи уламолар: “Дарахт новдаси синдириб олинганда ҳам то қуриб қолгунича тасбеҳ айтиб туради”, дейишган. Бу сўзларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дарахт новдасини бўлиб икки қабрга қадаб қўйганларини далил қилишган.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим