islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мусибатингиз енгиллайди, руҳингиз таскин топади…

​​#Устозлар_блоги
#Ҳабибуллоҳ_домла

Ёш гўдак онаси билан отасининг қабрини зиёрат қилгани борди. У отасини кўрмаган, отаси у туғилмасидан олдин вафот этиб кетган эди. Зиёратдан қайтаётиб юз эллик километрча юрганларида онаси ҳам қаттиқ касал бўлиб ҳолати оғирлашди. У боласини қучоғлаганича йиғлаб-йиғлаб вафот этди. Улар билан яна бир аёл бор эди. Боланинг онасини ўзининг кийими билан кафанлади ва болани қабр кавлаш учун ёрдамга чақирди. Бир неча соат қабр кавладилар ва дафн қилдилар. Қабр устида ҳам анча йиғлаб ўтирдилар. Сўнг у жойдан қайтдилар. Отасини кўрмаган ва унинг қабрини зиёрат қилиб қайтаётиб, олти ёшида онасидан ҳам айрилган бола кўзида ёш, дилида қайғу билан онасининг ётган жойидан кўзини узолмай у жойни тарк этди. Бундай ғам ва ҳасрат кичкинагина қалбга қанчалик оғирлигини биз ҳис қила олармидик.

У бола ким эди, улар ким эдилар биласизми? У Аллоҳнинг энг яхши кўрган бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Оналари Омина бинту Ваҳб, ҳамроҳ аёл Умму Айман эди. У жой Абво эди. Етимларни кўрсангиз етимлар саййидини эсланг. Дунёнинг ғам ва аламлари қалбингизга оғирлик қилаётганда Ҳабибимизнинг ҳаёт йўлларини кўз олдингизга келтиринг. Мусибатингиз енгиллайди, руҳингиз таскин топади…
Рамазон тунларининг баракоти барчамизга насиб қилсин!

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Жўрабоев

131740cookie-checkМусибатингиз енгиллайди, руҳингиз таскин топади…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: