Мусулмонлар Макка ва Мадинадаги иккита муқаддас масжидга “бир неча кун ичида” қайтишлари мумкин, – деди Саудия Арабистонининг Икки Муқаддас масжидлар ишлари бўйича бош президенти Абдурраҳмон ас-Судайс.
“Ислом умматининг қайғуларни кеткизадиган кунлар келади ва биз икки муқаддас масжидга тавоф қилиш учун, Сафо ва Марвада саъй учун ҳамда Равзайи Шарифда намоз ўқиш, Пайғамбар Муҳаммадга (с.а.в.) салом бериш учун қайтамиз”, деди Абдурраҳмон Судайс ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган видеода.
Шунингдек, у 28 апрель кунги Масжидул Ҳаромдаги тозалаш ва озодалаш ишларида иштирок этди.
Саудия Арабистони расмийси мусулмонларни “коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун эҳтиёт чоралари сифатида киритилган чекловлардан озод бўлишга шошилмасликка” чақирди.
Яқинда мамлакатнинг Ҳаж ва умра вазирлиги Твиттерда икки масжидни қайта очишларини эълон қилди. “Худо хоҳласа, ҳукуматимизнинг оқилона раҳбарлиги ва ваколатли органлар томонидан берилган тартиб ва кўрсатмаларга риоя қилиш мажбуриятига биноан, биз Макка шаҳридаги Ҳарамни ва Мадинадаги Пайғамбаримиз масжидини дунёнинг барча бурчакларидаги мусулмонлар учун очамиз”, – дейилган вазирлиги баёнотида.
18 март куни Қиролликнинг Уламолари Кенгаши COVID-19 тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилган чоралар доирасида мамлакатнинг барча жойларидаги масжидларда ибодат қилишни тўхтатган эди.
Расмий маълумотларга кўра, декабр ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида биринчи марта пайдо бўлган ушбу касаллик Саудия Арабистонида 157 кишининг ҳаётига зомин бўлди ва жами 21402 кишига касаллик юқди.
Азон.уз