islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шояд Аллоҳ гуноҳларимизни кечирса

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: “Бир киши бор эди, ҳеч қандай савоб иш қилган эмасди. Аммо у одамларга қарз берар ва ўз элчисини ҳақларни талаб қилиб келиш учун юборар экан “Имкони бор одамдан ол, имкони йўқни қўйиб тур, кечиб юбор, шояд Аллоҳ ҳам бизларнинг гуноҳларимиздан ўтса”, дер эди. Вафот этган пайт Аллоҳ таоло ундан “Бирор яхшилик қилганмисан?” деб сўради. “Йўқ, фақат менинг бир хизматчим бор эди, одамларга қарз берар эдим. Хизматчимни қарзларни ундириб келиш учун юборар эканман, унга “Имкони бордан ол, қийналганни қўйиб тур, кечиб юбор. Шояд Аллоҳ бизнинг гуноҳларимизни ўтса”, дер эдим. Шунда Аллоҳ таоло унга “Гуноҳларингдан ўтдим”, деди. Имом Насаий ривоят қилган.

Албатта инсоннинг ҳаёти доимо бир текис давом этмайди. Инсонлар бир-бирларига нисбатан ўзаро ёрдам ва кўмакка муҳтож бўладилар. Одам борки ҳаққи бор ёки қарзи бор. Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай вазиятда мусулмон киши қандай ҳаракат қилиши кераклигини умматларга таълим берганлар. Мусулмон одам доимо карамли, саховатли бўлиши керак. Айниқса, олди-сотди ва ҳақни талаб қилиш пайтида. Саҳийлик, енгиллик ва бир оз ўтиб бериш Аллоҳнинг раҳматига, хайру баракага сабаб бўлади. Молиявий муомалаларда қийин ҳолга тушиб қолган одамга енгиллик яратиш қанчалик савобли иш экани ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибди. Қиёматда ҳеч яхшилиги бўлмай, фақат ҳаққини ундиришда ночор одамдан қарзини кечиб юбориш билан ҳам енгилликка эришиш мумкинлиги ушбу ҳадисда баён қилинмоқда.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1) Ўзаро муомалада юмшоқ ва ҳалим бўлиш Аллоҳнинг раҳматига олиб боради. Мулойим ва раҳмдил бўлиш заифлик эмас, балки Аллоҳ ва унинг расули ҳамда мусулмонларнинг сифатларидан биридир. Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) айтадилар: “Расулулоҳ (с.а.в.): “Сизларга дўзахга ҳаром ва дўзах унга ҳаром бўлган кишини айтайми? Ҳар бир ишида юмшоқ ва ҳалим бўлган киши”, дедилар. Имом Термизий ривояти.

2) Аллоҳ қиёмат кунида бандасига савол бериши эса ҳамма нарсани билиб турса ҳам унга ўз фазлини кўрсатиш учун бўлар экан.

3) Қиёмат кунида инсонлар ошиқча гапира олмайдилар, фақат Аллоҳ изн берганларгина сўзлай оладилар. Шунда ҳам фақат рост гапирадилар.

4) Қарз ва ҳақни кечиб юбориш Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлар экан.

Ҳар қандай муомалада юмшоқ,  ҳалим ва раҳмдил бўлишимизни Аллоҳ ҳаммамизга насиб қилсин. Шояд, Аллоҳ ҳам бизларга қиёмат кунида раҳм қилса.

Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси

ўқитувчиси Абдуллаев Алишер

тайёрлади

Бизни Телеграмда ҳам кузатиб боринг!

13420cookie-checkШояд Аллоҳ гуноҳларимизни кечирса

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: