islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Майда ишлар билан машғул бўлиш сени катта ишлардан тўсиб қўяди”

Абдуллоҳ ибн Қосим Аҳмад ибн Тувлуннинг ўғли Аббоснинг муаллими эди. У айтади:

Ибн Тувлун мени тун ярмида ҳузурига чақирди. Тун ярмига келганда қўрқиб йўлга чиқдим. Саройга бордим. Эшикбон ўзининг ортидан юришимни сўради. Ортидан юрдим. Кейин бир қоронғу хонага кириб амирга салом беришимни айтди. Мен кириб салом бердим. Ибн Тувлун мендан “Бу уйда нима қилса бўлади,” деб сўради. Мен “Фикр қилса бўлади,” дедим. У “Нега?” деб сўради. Мен “Чунки кўзни машғул қиладиган ҳеч нарса кўрмаяпман” дедим. У “Жуда ажойиб. Бориб ўғлимга эртага менинг олдимга келишини айт. Лекин келгунча ҳеч нарса емасин!” деди. Мен “Бош устига..” деб чиқиб кетдим ва айтганларини бажардим. Аббос очликка сабри йўқ бола эди. Отасининг олдига боргунча бирон нарса еб олишни қаттиқ илтимос қилди. Мен рухсат бермадим. У айтилган вақтда отасининг ҳузурига кирди. Ибн Тувлун индамасдан узоқ вақт ўтираверди. Сўнг боланинг жуда ҳам қаттиқ оч қолганини кўриб таом ҳозир қилишни буюрди. Ҳар хил ўтлардан пиширилган совуқ бир нарсани олиб келишди. Аббос ўта оч қолганидан уни берилиб ея бошлади ва қорни тўйиб қолди. Отаси оз-оздан олиб емай турди. Кейин дастурхонга товуқ, ўрдак, кийик ва қўзичоқнинг гўштидан пиширилган таомларни олиб келдилар. Отаси улардан бир-бир еб чиқди. Ўғлининг олдига ҳам қўйди. Аббос эса қорни тўйиб қолгани учун умуман ея олмади. Шунда Аҳмад ўғлига “Болам сени бундай тарзда синаганимнинг боиси шуки, майда ишларга берилиб, машғул бўлиб қолишинг сени катта ишлардан тўсиб қўймасин. Қадри паст ишларга боғланиб қолиб қадри баланд ишларнинг фазилатидан маҳрум қолиб кетма!”

ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Жўрабоев тайёрлади

136650cookie-check“Майда ишлар билан машғул бўлиш сени катта ишлардан тўсиб қўяди”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: