Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради.
Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олийжаноблик бағишлайди.
Аждодларга юксак эҳтиром ифодаси. Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғдир. Зотан, биринчи президентимиз марҳум Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг ташаббуси билан 9-май санасининг Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг кўламда нишонланиш ҳам бунинг ёрқин мисолидир.
Иккинчи Жаҳон урушида кўплаб юртдошларимиз Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Минглаб оталаримиз, боболаримиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланишди. Халқимиз фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, уруш майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, дори-дармон, кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг инсонпарварлик ва бағрикенглик каби фазилатлари яққол намоён бўлди. Эл-юртимиз мамлакатнинг уруш бўлаётган ҳарбий ҳудудларидан эвакуация қилинган турли миллатларга мансуб 1 миллионга яқин аёллар, болалар ва кексаларга бошпана бериб, бир бурда нонни улар билан бирга баҳам кўрди.
Биз бугун бундай мисолларни минглаб келтиришимиз мумкин. Масалан, қарийб бир ярим ойдан бери давом этиб келаётган карантин вақтида халқимизнинг кам таъминланган қатламига кўрсатилаётган беғараз ёрдами, қолаверса Сирдарё вилоятида содир бўлган табиий офатда зарар кўрган юртдошларимизга кўрсатилаётган ёрдамлар фикримиз далилидир.
Иккинчи Жаҳон урушида жасорат кўрсатган, оиласи, фарзандларининг хотиржамлиги учун курашган инсонлар мудом халқимиз ардоғида, беаёв жангларда жон фидо қилган боболаримиз хотираси қалбимизда абадий яшайди.
Маънавият, маърифат ва иқтидорли ёшлар билан ишлаш бўлими услубчиси З. Ахроров