islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хотира азиз

Халқимизнинг қадр-қиммати, ор-номусини, миллий анъаналаримиз ва урф-одатларимизни ҳимоя қилишда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларимизнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш – бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг халқимизга хос азалий қадриятдир.

Юртимизда анъанавий нишонланадиган алоҳида эътибор қаратиладиган кунлардан бири “Хотира ва қадрлаш куни”дир. Бу кунда биз ўтмишда ўтган аждодларимиз, хусусан Ватан озодлиги ва халқимизнинг фаровонлиги йўлида жонларини фидо қилиб, бугунги кунда оламдан ўтиб кетган барча фидойи юртдошларимизни ёдга оламиз. Биз ўтганларни махсус бир кунда, айни 9 майда хотиралашимиз рамзий маънода бўлиб, аслида ҳар доим, ҳар лаҳзада уларни эслаб дуолар қиламиз, уларнинг ҳаёт йўлларини ўрганиб, улардан намуналар оламиз. Шунингдек, келажак авлод бўлмиш фарзандларимизга ҳам ўтган аждодлармизнинг ҳаёти биз учун улкан намуна эканини уқтириб келамиз..

Динимизда ўтганларни эслаш, уларга дуойи-хайрлар қилиш ибодат ҳисобаланади. Шу билан бирга бу амал ҳаёт юрган кишиларнинг зиммасидаги бурч бўлиб, дунёдан ўтиб кетганларнинг ҳаққидир. Қуръони каримда шундай дейилган:

“Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”!(Ҳашр сураси, 10-оят)

Демак, имонда ўтган зотлар ҳаққига истиғфор айтмоғимиз имонимиз тақозасидаги амалдир. Шунингдек, ўтиб кетган кишилар ортларида қолган қариндош ва яқинлари каби ҳаёт юрганларнинг дуоларидан умидвор бўлишлари ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадиси шарифлар ворид бўлган. У зот бу ҳолатни янада тушунарли бўлиши учун мисол тариқасида қуйидагича марҳамат қилганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрдаги маййит худди сувга чўкаётиб, ёрдамга чақираётган кишига ўхшайди. Отасидан ёки онасидан ё инисидан ё дўстидан дуо келишига интизор бўлади. Агар унга дуо етиб борса, дуо унинг учун дунё ва ундаги нарсалардан кўра маҳбуброқ бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қабр аҳлига Ер юзидагиларнинг дуоларини тоғларнинг мисолида киритади. Тирикларнинг маййитларга ҳадялари улар учун истиғфор айтмоқликдир”, дедилар”.(Байҳақий ривояти)

Дарҳақиқат мустақиллик йилларида 9 май кунини Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келиниши, ҳеч шубҳасиз, юртимизда тарихий хотирани тиклаш йўлида ҳаётнинг ўзи тақозо этган яна бир муҳим қадам бўлди.
Уруш даҳшатларига гувоҳ бўлган кишиларга эътибор берсангиз, улар қўлларини дуога очганларида юрт тинчлигига кўз тегмасин деб, шундай дориломон кунларга етиб келганликларига шукроналик келтирадилар, айни пайтда, юртимиздаги тинчлик-осойишталик, халқимизнинг ҳамжиҳатлиги энг катта бойлигимиз эканини, бундай осуда ҳаёт, дориломон кунлар қадрига етишни, уни асраб-авайлаш зарурлигини таъкидлайдилар.
Бу кунларда қилинадиган хайрли ишлардан бири ёши улуғ кишиларнинг ҳолидан хабар олишимиз, уларнинг қалбларига сурур киритишимиздир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: Амр ибн Шуайб отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичигимизга раҳм қилмаган ва каттамизнинг ҳаққини билмаган кимса биздан эмасдир”, дедилар”. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)

Аллоҳ таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат айласин.Парвардигори оламдан дунё ва юртимиздаги ушбу синовли кунлардан муваффақиятли ўтишимизда ёрдам ва раҳмат сўраймиз. Аллоҳим барчаларимизни ушбу касаллик ва турли офатлардан ўзи асрасин!

Тошкент ислом институтининг
махсус сиртқи бўлими 3- босқич талабаси
Кенжаев Хасанбой

136980cookie-checkХотира азиз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: