islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Рамазонда Қуръон тиловати ва саховатни кўпайтириш тўғрисидаги ҳадислар шарҳи

Бизларга Рамазон Рўзасини фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Рамазон ойида кечасини қоим қилишни суннат қилган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.
Муҳтарам мусулмон биродарим! Ўтган суҳбатларимизда Рамазон ойи рўзаси фазилатлари, бандага иймон ва ихлос билан тутган рўзаси учун бериладиган ажру-мукофотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдик.

Эндиги суҳбатимиз Рамазон ойида қилиниши керак белган солиҳ амаллар ҳақида бўлади, ин шаа Аллоҳ. Ушбу амаллар пештоқида, аввало, Аллоҳнинг каломини қироат қилиш туради. Нега дейсизми? Негаки, Рамазон – Қуръон ойи. Рамазон – Қуръон нозил бўлган ойдир. Аллоҳ таоло бу ҳақда Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади:

(شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَىٰ وَالْفُرْقَانِ(185)

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир”. (Бақара сураси, 185-оят)

Ушбу ояти каримадан маълум бўлмоқдаки, Қуръон карим Рамазон ойида нозил бўлган. Шундай экан, мусулмон киши бошқа ойлардан фарқли равишда Рамазон ойини Қуръон қироати ойига айлантириши керак бўлади. Бу албатта Қуръон қироатини қўрайтириш билан бўлади. Бошқа ойларда ойда бир маротаба Қуръонни хатм қилаётган бўлса, Рамазон ойида икки, уч ёки ундан кўпроқ хатм қилишга ҳаракат қилиши айни муддао бўлади.

Рамазон ойида Қуръон қироатига катта эътибор қаратиш борасида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга гўзал ўрнакдурлар.

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: “كان رسولُ الله صلّى الله عليه وسلّم أَجْوَدَ النَّاسِ، وكان أَجْوَدُ ما يكونُ في رمضانَ حِينَ يَلْقَاهُ جِبْرِيلُ، وكان يلقاه جبريلُ في كُلِّ لَيْلَةٍ من رمضانَ فَيُدَارِسُهُ الْقُرْآنَ، فَلَرَسُولُ اللهِ صلّى الله عليه وسلّم حِينَ يلقاه جِبريلُ أَجْوَدَ بِالْخَيْرِ مِنَ الرِّيْحِ الْمُرْسَلَةِ”. متفق عليه

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши айтади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонларнинг энг саҳоватлиси эдилар. Айниқса, Рамазон ойида Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларида янада саҳоватли бўлар эдилар. Рамазоннинг ҳар кечасида Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан учрашар эди ва Қуръонни ўтказар эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом билан кўришганларида, эсиб турган шамолдан-да яхшиликка қўллари очиқ бўлиб кетардилар”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

Ушбу ҳадис шарифдан маълум бўладики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кирганда янада саҳоватли бўлар эдилар. Ушбу саҳоватлари Қуръонга бўлган эътиборларида намоён бўлар эди. Саҳобаларини ҳам Қуръон қироатини кўпайтиришга тарғиб қилар эдилар.

Ҳазрат Усмон розияллоҳу анҳу ҳар куни бир марта Қуръонни хатм қилардилар.

Салафи солиҳларнинг баъзилари ҳар уч кунда, баъзилари ҳар етти кунда ва бошқалари эса ҳар ўн кунда Қуръонни хатм қилардилар.

Машҳур муҳаддис Имом Зуҳрий Рамазон ойи кирганида ҳадис айтишни ва илм мажлисларини тўхтатиб, Қуръон қироатига берилиб кетардилар.

Буюк муҳаддис ва фақиҳ Суфён Саврий Рамазон ойи кирганида барча ишларини ташлаб, Қуръон қироати билан машғул бўлар эди.

Муҳтарам мусулмон биродарим! Кўриб турганингиздек, салафи солиҳлар Рамазон ойида Қуръон қироатига нақадар эътибор қаратганлар. Шу билан биргаликда, Қуръонни фақат қироат қилибгина қолмасдан, балки маъноларини тушунишга, тадаббур қилишга катта эътибор қаратганлар.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, Рамазон ойида факат кундузлари Қуръон қироати билан чекланиб қолмасдан, балки, кечалари кўпроқ қироат қилишга ҳаракат қилиш зарурдир. Зеро, юқоридаги ҳадис шарифда Жаброил алайҳиссалом пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига ҳар куни кечаси келганлиги зикр қилинди. Рамазон ойи кечаларини Қуръон қироати, намоз, зикр каби ибодатлар билан ўтказиш эса айни савоб ва ажру-мукофот ўрнидир.

Аллоҳ азза ва жалла бизларни Рамазон ойи кундузи ва кечаларини Қуръон қироати билан ўтказишга, натижада қалбимиз нур ва ҳидоят билан тўлишига муваффақ айласин! Амин. Би роҳматика Я Арҳамар роҳимийн!

“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси
ўқитувчиси Халилуллоҳ Юсупов

137990cookie-checkРамазонда Қуръон тиловати ва саховатни кўпайтириш тўғрисидаги ҳадислар шарҳи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: