islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исломий ижтимоий молия ва унинг камбағаллик даражасини пасайтиришдаги фойдалари (биринчи мақола)

Халқаро Банк Гуруҳининг тадқиқотларига кўра 2015-йилда дунё аҳолисининг 10 фоиз қисми кунига 1.90 доллардан камроқ маблағга кун кечиради. Бу улушни сонларда ифодалайдиган бўлсак, у таҳминан 736 миллион кишига тўғри келяпти. Aфсуски, бу кўрсаткич барча давлатлар бўйича тенг тақсимланмаган.

Масалан, дунё бўйича ўта камбағал аҳолининг ярмидан кўпи Aфриканинг Саҳрои Кабир остидаги қисмида жамланган бўлиб, агар у ердаги иқтисодий муҳит шу таҳлитда давом этса, 2030-йилга келиб бу минтақадаги 10 кишидан 9 таси ўта камбағаллар гуруҳига кириши эҳтимоли бор. Бу кўрсаткичлар одамларнинг иқтисодий томондан камбағал эканлигини кўрсатиш билан чекланади. Лекин, молиявий имконияти йўқлиги кетидан келувчи бошқа таъсирлар – соғлиқни сақлаш, таълим ва ичимлик сувини етказиб беришдаги муаммолар ҳолатнинг янада жиддий эканини билдиради.

Юқоридаги манбада яна айтилишича камбағалликдан қутула олган аҳоли иқтисодий қалтис ўзгаришлар туфайли аввалги ҳолатига қайтиб қолиши хавфи ҳам кўп учраб туради.

Дунёдаги шу каби ҳолатларни тўғрилаш учун ҳар бир шахснинг манфаатини устун қўювчи иқтисодий тизим керак бўлади. Исломий молия айнан шундай нарсани биринчи ўринга қўювчи шариат асосига қурилган.

Исломий молия

Исломий молия деганда исломдаги шариат ҳукмларига асосланган кўринишдаги молиявий амаллар тушунилади. Исломий ижтимоий молияга шариат асосида амалга ошириладиган микрокредитлар, закот, садақа ва вақф киради. Буларнинг ҳар бири билан батафсил танишиб, камбағаллик даражасини камайтиришдаги ёрдамини ўрганиб чиқамиз.

Исломий микрокредит

Микрокредит қисқа муддатга кам таъминланган ёки иқтисодий томондан барқарор бўлмаганлар учун берилувчи кичик миқдордаги қарздир. Бу турдаги қарз кичик ва ўрта даражадаги бизнеслар учун ҳам мос келади. Одатдаги молия тизимидаги микрокредитлар фоизли қарз асосига қурилган бўлиб, унда қарз олувчининг ўзигина таваккал қилади. Қарз берувчи ташкилот – банкларнинг ягона мақсади бошқаларга қарз бериш кетидан фойда олиш бўлади. Исломда фоизли қарз рибо дейилади. Рибо исломда ҳаром қилинган бўлиб, у нафсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатлардан зарарли, деб билинади. Судхўр одам фақатгина ўзининг манфаатини кўзловчи ва муҳтож одамларга паст назар билан қарайдиган ҳолга келиб қолади. Жамиятда фақат ўзининг манфаатини устун деб билувчилар бўлиши, улар одамларнинг муҳтожлигидан фойда олиши одамлар орасидаги адоват ва ҳасад туйғуларини орттиради. Иқтисодий жиҳатдан жамият бир-биридан катта фарқ қилувчи икки табақага бўлиниб қолади.

2008-йилдаги тадқиқотга кўра асосий аҳолиси мусулмон бўлган давлатларнинг 72 фоиз аҳолиси одатдаги банкинг тизимидан фойдаланмаслигини айтган ва уларнинг 40 фоизи бу қарорга сабаб одатдаги банкинг молия тизимининг шариат қоидаларига тўғри келмаслиги бўлган .
Исломий шариат асосидаги микрокредитларда ҳолат бундан фарқ қилади. Бу микрокредитларда судхўрликка ўрин бўлмайди. Исломий микрокредитда қуйидаги шартларга амал қилиш лозим бўлади :

1. Қарз берувчи ва қарз олувчининг ҳам зарарга шерик бўлиши. Одатдаги микрокредит тизимида фақатгина қарз олувчи зарарга киради, қарз берувчи ташкилот доим фойдада қолади.

2. Фойдага қарз берувчи ва қарз олувчи ҳам шерик бўлиши. Исломий микрокредитда икки томон ҳамкор, шерик сифатида ишлаши фойдани ҳам икки томонга бўлинишини талаб қилади.

3. Судхўрлик аралашмаган ҳолда қарзни қайтаришнинг ўзгармас ставкаси.

4. Шаффофлик. Икки томон ҳуқуқ ва мажбуриятлари қарз шартномасида очиқлигича ёзилиши, иккинчи томонга очиқланмаган қарз шартларининг бўлмаслиги.

5. Ижтимоий фаровонлик ва адолат.

4-курс талабаси Умархўжаев Мурод

140520cookie-checkИсломий ижтимоий молия ва унинг камбағаллик даражасини пасайтиришдаги фойдалари (биринчи мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: