islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бир тавба қиссаси

Мадинаи мунавварада яшайдиган икки йигит бор эди. Улар бир куни Туркияга сафар қилдилар. Аслида уларнинг мақсади ўз шаҳарларида имконият кам бўлгани учун Туркияда турли гуноҳларни қилиб, маст қилувчи ичимликларни ичиб келиш эди. Улар Туркияга бориб таксига ўтирдилар ва чеккароқ қишлоқдаги бир меҳмонхонага бориб жойлашдилар. Уларни кутиб олишга масъул ходим уларнинг қаердан келганларини сўради. Улардан бири Мадинаи мунавварадан келганларини айтди. Ходим буни эшитиб жуда қувониб кетди. Пайғамбаримиз алайҳис саломга бўлган эҳтиром ва Мадина аҳлига бўлган муҳаббати туфайли улар сўраган кичик хонага эмас, балки катта залга жойлаштирди. Иккала йигит туни билан кайфу-сафо қилиб маст ҳолда ухлаб қолдилар. Эрталаб соат тўрт ярим, кутилмаганда уларнинг эшиги тақиллаб қолди. Улардан бири уйқусираб туриб эшикни очди. Қараса меҳмонхона ходими. У “Масжидимиз имоми Мадинадан меҳмонлар келганини билиб одам юборибди, у намозни сизлар билан ўқимоқчи. Биз сизларни пастда кутамиз” деди. Йигит даҳшатга тушди ва шеригини уйғотди ва Қуръондан қанча ёдлагансан, деб сўради. У “Уларга имомга ўта олмаслигимизни тушунтиришимиз керак” деди. Шу орада эшик яна тақиллади ва ходим намоз вақти яқинлашаётгани ва одамлар уларни кутаётганини айтди. Улар тезда ҳаммомга кириб ғусл қилиб чиқдилар ва масжидга қараб юрдилар. Борсалар масжид жума намози ўқилаётгандек одамлар билан тўла эди. Барча уларни кутиб турарди. Одамлар барчаси салом бериб кутиб олдилар ва улардан бирини имомликка ўтказдилар. У “Аллоҳу акбар” деб такбир айтдиямки, одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини эсга олиб йиғлай бошладилар. Имомга ўтган йигит “Уларга қўшилиб мен ҳам йиғлай бошладим” дейди. У иккала ракатга ҳам “Фотиҳа” ва “Ихлос” сурасини ўқиб намозни тугатди. Намоздан кейин одамлар уларни зиёрат қилдилар..

Бундан таъсирланган йигитлар тавба қилиб ҳидоят йўлига кирдилар. Улардан бири ҳозир Мадинадаги етук воизлардан бири..
Кўряпсизми, Мадинаи мунавварадаги қанча воиз ва имомлар амалга ошира олмаган ишни муҳаббат амалга оширмоқда. Расулуллоҳ муҳаббати жой бўлган қалб нақадар бахтли қалб.

Муҳаммадким муҳаббат кони эрди
Ҳабиби Ҳақ, расул султони эрди..

ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Жўрабоев

141000cookie-checkБир тавба қиссаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: