Тоййиба университети доктори, фазилатли шайх Муҳаммад ал-Амсамий “Олим ўқитувчи ва илм олишга ўзини бағишлаган талабага иқтисодий кафиллик қилишнинг фазилати” номли илмий мақола ёзган. Аввало, эътиборингизга унинг таржимасини ҳавола этамиз:
“Ҳалол касб қилишга энг иқтдорли кишилар толиби илмлардир. Чунки улар тадбиркорлик борасида юксак маҳорат, етарли тушунча ва йўналишга эгадир. Бунга биринчи ёрқин мисол Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларидан олдинги улкан даромад келтирган бир неча тижоратлари ҳамда У зотнинг тижорат билан шуғулланган саҳобаларининг фаолиятларидир. Шуникдек, улардан қайси бирлари қандай иш билан шуғулланган бўлсалар, албатта, уни уддасидан чиққанлар. Бунга Ислом тарихи тирик гувоҳдир.
1. Аллоҳ таоло толиби илмлардан шундай буюк ишларни талаб қилганки, у ишлар талабаларни фақат ўзининг тор доирали шахсий манфаатини ўйлашдан воз кечишга, оқибати таҳсинга сазовор, наф келтирувчи ишларни яхши кўришга ундаган ва бу умумманфаатли, доимо бутун уммат ҳамда келажак авлодларнинг асосий эҳтиёжи бўлган ишларга ўзларини тўлалигича бағишлашга даъват қилиб, уларни дунёдан рағбатларини сўндириб, иймон ҳаловати тамини тоттириб, имкон қадар, дунёга боғланиб қолмай, уни ташвишини камайтириш, дунё матоларидан зарурий эҳтиёж бўлган нарсаларни олиш билан кифояланишга ўргатди.
2. Уларнинг таълим-тарбиявий ҳамда илмий ишлари қалбни –дунё ташвишларию, уларни ортидан касб қиламан, мол-мулк йиғаман, банкда сақлайман каби – барча чалғитувчи фикрлардан, дунёда ўз мустақил ғояси бор кишининг шу фойдали ғояини амалга ошириб, қисқа умрини яхшиликлар билан тўлдириши учун асосий сармояси бўлмиш олтиндан қиммат вақтини ўғирловчи ишлардан холи бўлишини талаб қилади.
3. Қолаверса, улар ризқнинг йўллари кўп эканини, дунёга ўзини уриш ҳам ўшалардан бир торгина йўл эканини биладилар. Шунинг учун улар тўғридан-тўғри ризқ берувчи Розиқ зотнинг ўзига итоат қилишга ҳамда Аллоҳнинг қарамоғидаги боқимандалари бўлмиш халқнинг манфаати учун ишлашга юзланганлар. Энг яхши одам бу – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг боқимандаларига манфаат етказувчи киши! Нима дейсиз? Аллоҳга итоат ва халқига манффат етказишга юзланган кишини Аллоҳ қаровсиз қолдириб, зое қиладими?!
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Баҳодир Баҳромжон ўғли