Кеча қайси пайғамбарларнинг қиссаларини ўрганган эдик? Ким жавоб беради? Иблис фаришталардан эканми, жинлардан эканми?
Бугун Нуҳ алайхиссаломнинг қиссасини ўрганамиз, иншааллоҳ. Қани, бошладик, болажонларим.
Аллоҳ азза ва жалла Нуҳ алайхиссаломни ўз қавмини Аллоҳга ибодат қилишга чақириш, бут-санам, ҳайкалларга ибодат қилишни тарк этишга даъват қилиш учун пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ алайхиссалом уларни даъват қила бошладилар. У зотнинг даъватларига камбағал, бечораҳол инсонлар ижобат қилиб Нуҳ алайхиссаломга эргашдилар. Бойлар, бошлиқ, раҳбар инсонлар эса у зотнинг даъватларини рад этдилар ва у зотдан “биз сенга эргашишимиз учун иймон келтирган бечора, мискин, камбағалларни тарк қиласан, улардан воз кечасан“ деб талаб қўйдилар.
Нуҳ алайҳиссалом иймон келтирган заифҳол одамлардан воз кечиш талабини қатъий рад этдилар. Қавмини даъват қилишда ноумидликка тушмадилар, балки уларни кечаю кундуз Аллоҳ талонинг йўлига даъват қилавердилар. Лекин қавмидаги нобакор инсонлар у зотни ёлғончи, адашган, мажнун, жинни деб айблашдан ҳам тоймадилар.
Шунда Нуҳ алайхиссалом уларга бундай дедилар: “Эй қавмим! Менда залолат йўқ. Ва лекин мен оламларнинг Раббидан Пайғамбарман.“ (Аъроф сураси, 61-оят).
Нуҳ алайҳиссалом ўз қавмини минг йилга яқин муддат ичида тинимсиз даъват қилдилар. Аллоҳнинг йўлига чақирдилар. Аммо иймон келтирмаган қавм эса Нуҳ алайхиссалом билан уришиб, мужодала қилиб, у зотга озор беришда давом этаверди. Шунчалик узоқ йиллар, тўққиз юз йилдан ортиқ муддат натижасиз, бесамар кетди. Лекин Нуҳ алайҳиссалом даъват қилавердилар. У зотга қавмининг кўпчилиги, айниқса бой-бадавлат одамлар иймон келтирмадилар. Иймон келтирганлар эса озчиликни ташкил этарди. Шунда Нуҳ алайхиссалоту васаллам Аллоҳ талога юзланиб дуо қилдилар ва қавмини туғёнга, зулмга кетганини, Нуҳ алайхиссаломга ва унга иймон келтирган одамларга кўплаб зулм қилганларини шикоят қилиб бундай дедилар: “Эй Раббим! албатта, улар менга исён қилдилар ва моли, бола-чақаси хусрондан бошқани зиёда қилмаганга эргашдилар.“
(Нуҳ сураси, 21-оят).