Ўтган йили Саудиянинг баъзи минтақаларида ҳилол кўрингани айтилди, Миср, Покистон, Малайзия, Ўзбекистон ва бошқа аксар мусулмон диёрларида ҳилол кўринмади.
Бу диёрлар уламолари “бизда кўринмади, рўза тутамиз” деганларида баъзи биродарларимиз уларни маломат қилдилар. Саудияда кўринди, бир юртда кўринса, ҳаммага вожиб бўлади, демак тутмаслигимиз керак деб анча тортишувларга сабаб бўлдилар.
Бу йил Саудияда ҳилол кўринмади. Бироқ Мавритания ва бошқа баъзи юртларда кўринибди:
Хўш энди улар нима қиладилар? Индамай кўзларини юмиб оладиларми?
Ёки энди “ҳар бир диёрда ўзининг аҳли ҳилол кўриши керак” дейдиларми?
Унда нега олдинги йиллари бундай демадилар?
Унда нега баъзилар ўзлари Саудияда яшамасалар ҳам “Саудияда ой кўринмади” деган хабарни тарқатиб, шунга асосан рўза тутяптилар. Агар ҳар юртнинг ўз ҳилоли десалар, “Мен турган юртда кўрмаяпмиз”, дейишлари керак эди-ку.
Ёки Саудияда кўриниш-кўринмаслиги алоҳида хислатга эгами?
Битта асл ушлаб олинса яхши эди. Мана бу видеода шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда яхши гап айтган эканлар:
Бу борада шайх аллома Мустафо Зарқо ва муҳаддис фақиҳ Аҳмад Шокирларнинг, роҳимаҳумаллоҳ, рисолалари ҳам бор, уммат учун яхши ечим таклиф қилинган. Қайси ижтиҳодга эргашилса ҳам, энг муҳими вазиятга қараб ранг алмаштирмаслик керак. Холислик ҳақида гапирган одам холис бўлишни ўзидан бошлаб бериши шарт.
Ўзлари Саудияда яшамай, Саудияда ҳилол кўринмагани учун рўза тутяпман деганлардан сўраб кўринг, нега Мавританияда кўрингани учун ийд қилмадилар? Ё фақат Саудияда кўриниши керакми?!
Биз Саудиядамиз, шунинг учун шу ернинг мусулмонлари тутганда тутамиз, очганда очамиз, Мавритания кўрибди, деб ихтилоф чиқармаймиз.
Сиз ҳам ўзингиз яшайдиган юртдаги мусулмонлар билан бўлинг. Бинобарин, келаси йилларда ҳилол Саудияда кўрингани айтилса, бизда кўринмаса, дарров ихтилоф қилишдан олдин бу йил Мавританияга индамай эргашмаганингизни эсланг. Холис бўлинг!
М. Усмон