Меҳрон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳузурларида эдим. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини айтиб бердилар: “Ким таҳоратини қилиб бўлиши билан 3 марта “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ”, деса ўрнидан турмасидан (кичик) гуноҳлари кечирилади, ҳатто онадан дунёга келганида қандай бўлса (яъни гуноҳлардан қандай тоза бўлса) худди шундай ҳолатга келиб қолади” (Ибн Сунний ривояти).
Дуонинг маъноси: Аллоҳ таолодан бошқа илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман.
Шарҳ: Таҳорат сўзининг “поклик”, “тозалик” маънолари бор. Ким таҳорат қилса, нафақат бадани пок бўлади, балки инсонда маънавий покланиш ҳам содир бўлади. Таҳорат намоз ўқиш учун шарт ҳисобланади. Таҳоратсиз намоз ўқиш жоиз бўлмайди. Демак инсон Робби билан учрашиш учун ҳам жисмонан, ҳам маънан покланиши лозим бўлади. Инсон таҳорат қилаётган пайт кўнглидан қуйидаги туйғуларни ўтаказса таҳорати янада мукаммал бўлади. Қалби юмшаб гуноҳлари тўкилаётганини ҳис қилади: “Роббим, мен гуноҳкор бандангман, бироздан сўнг Сен билан учрашаман, Сенга муножот қиламан. Сув ила баданимни поклаганинг янглиғ гуноҳларимни ҳам ювгин. Баданим покиза бўлиши билан, қалбим ҳам пок бўлсин”.
Зеро, ҳадисларда инсон қайси аъзосини ювса, шу аъзоси билан қилган гуноҳлари сув ила ювилиб тушиши зикр қилинган. Бу ўринда гуноҳ амаллар дейилганида кичик гуноҳлар назарда тутилмоқда.
Исломнинг гўзаллигини қаранг! Кўринишидан кўп вақт олмайдиган кичик амалларни ихлос билан қилсангиз гуноҳларингиз тўкилиб кетар экан. Ичимизда гуноҳлари кечирилишини хоҳламайдиган инсон бўлмаса керак.
Ҳа, гуноҳлари кечирилишини ҳамма истайди. Гуноҳларингиз ювилишини хоҳласангиз таҳоратни мукаммал олишга ҳаракат қилинг ва эътиборингизга ҳавола қилганимиз – таҳоратдан кейин айтиладиган дуоларни айтишга ҳаракат қилинг. Таҳорат олиб бўлинганидан кейин 3 марта “Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллооҳ”, десангиз, ҳадисда айтилганидай онадан туғилган боладай гуноҳлардан покланасиз, иншааллоҳ.
Аллоҳ таоло барчамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига ошиқ қилсин!
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси
Манба: kukaldosh.uz