Сурия масжидларида жамоат намози бўйича тақиқ 15 мартдан бошлаб жорий қилинган эди.
Covid-19 пандемияси туфайли масжидларда жамоат намозларига қўйилган тақиқ Сурия Араб Республикаси Дин ишлари вазирлиги томонидан 27 май куни олиб ташланди, дея хабар беради САНА агентлиги.
Санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда масжидларда жамоат намози ўқиш, жумладан жумага бориш мумкин бўлади.
Аввалроқ, Сурия ҳукумати тундаги комендантлик соатини бекор қилиб, фуқароларга шаҳарлараро эркин ҳаракатланишга рухсат берган эди. Бундан ташқари, дўконларга эрталаб соат 8 дан кечки 19.00 гача ишлашга рухсат берилди.
26 май ҳолатига кўра, Сурияда коронавирус инфекцияси бўйича 121 та ҳолат аниқланди. Шифокорлар, пандемия туфайли чет элда қолиб кетган фуқароларни мамлакатга қайтишни бошлаганларидан кейин, юқтирган одамлар сони кескин ошганини қайд этишди.
Сурия ҳукумати барча хориждан келган ва юқтирганлар тўлиқ тузалмагунча фуқароларнинг қайтишини вақтинча тўхтатди, деб хабар беради Red Spring.