islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Турли маҳсулотларни сотиб олиш учун қўйилган бонус ёки совринларни олиш жоизми?

Савол: Бугунги кунда жуда кўп маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчилар томонидан маълум маҳсулотни сотиб олган инсон учун турли бонус ёки совринлар қўшиб берилмоқда, масалан маҳсулот ичидан турли ютуқлар чиқмоқда. Бу диний жиҳатдан қанчалик тўғри, қиморга ўхшаб қолмаяптими?Жавоб: Бу ишлаб чиқарувчи ёки сотувчининг ихтиёридаги нарса. У харидор учун сотилган нарсаларга қўшимча нарса қўшиб бериши жоиз. Лекин ушбу ҳолатда учта шарт топилиши керак. Бу уч шарт топилмаса бу иш қиморга ўхшаб қолади.

1. Ишлаб чиқарувчи ёки сотувчи шу соврин ёки бонус қўйилгани учун маҳсулотнинг нархини ошириб қўймаслиги керак. Масалан, маълум ичимликни сотиб олганларга соврин ваъда қилинмоқда. У ичимлик аслида 5 минг сўм туради, лекин соврин қўйилгани учун 6 минг сўмга сотиляпти. Бу жоиз эмас. Сабаби бу моҳиятан қиморга айланиб қолмоқда. Чунки харидор 5 минглик нарсага 6 минг яъни минг сўм ортиқча пул беряпти. Натижада минг сўмдан ортиқча йиғилган пул кимгадир соврин бўлиб қайтяпти. Бу ўртага минг сўмдан пул ташлаб, кейин кимдир ютиб оладиган қиморнинг айни ҳолатидир. Аммо ичимлик ўз нархи яъни 5 мингга сотилса харидорлар маҳсулотни ўзининг нархига сотиб олган ва сотувчи тамонидан қўйилган қўшимча совринни совға сифатида олган бўлади.
2. Маҳсулотлар учун бонус тақдим қилиш сифатсиз ёки сохта маҳсулотни ўтказиш учун алдов йўли билан амалга оширилмаслиги керак.
3. Бундай маҳсулотларни сотиб олаётган кишининг мақсади ўша маҳсулотни истеъмол қилиш ёки ундан фойдаланиш бўлиши керак. Фақат мукофотни кўзлаб сотиб олса жоиз эмас.
Маълум нарсани сотиб олган харидорлар ўртасида қуръа орқали бериладиган совринларнинг ҳукми ҳам юқоридаги шартлар асосида жоиз ҳисобланади.
Иккита нарса сотиб олсангиз учинчиси бепул, деб сотилган ҳолатда эса сотувчи учта нарсани иккитани пулига сотаётган бўлади. Гарчи бу ўринда учинчиси бепул, дейилаётган бўлсада, аслида иккита нарсани пулига учтани сотаман, деган бўлади.
Олдиндан эълон қилмасдан қўшиб бериш, масалан тарозуда оғирроқ қилиб бериш ёки донасини кўпайтириб бериш жоиздир. Валлоҳу аълам.

Муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний фатволари асосида ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.

https://t.me/joinchat/AAAAAEFoUFQvAvFm2AlCVA

 

147100cookie-checkТурли маҳсулотларни сотиб олиш учун қўйилган бонус ёки совринларни олиш жоизми?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: