islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

НАМОЗ ҚИРОАТИДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙИШ

Қироат намознинг рукни бўлгани туфайли қироатга алоқадор илмларни ўрганиш ҳар бир мусулмон киши учун ўта муҳим ҳисобланади. Намоз ўқувчи қироатда хато қилса намозининг жоиз бўлиши ё бўлмаслиги қай даражада хато содир этганига боғлиқ бўлади. Шунинг учун ҳам фиқҳ китобларида бу масалага алоҳида боблар ажратилган. Қуйидаги масалалар Ҳанафий мазҳабидаги мўътабар асарлардан бўлган “Фатавои Ғиёсия” ва “Ҳалабаи кабир” китобларининг хулосаларидир:

• Намоз ўқувчи қироатда “ташдид” ва “мад”ни ташлаб кетса, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса, намози бузилмайди.

• Намоз ўқувчи қироатда “ташдид” ва “мад”ни ташлаб кетса ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса аксар уламолар наздида намоз бузилади.

• Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса, ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, аммо оят маъноси ўзгармаган бўлса намози бузилмаслигига ижмоъ қилинган.

• Намоз ўқувчи қироатда вақф бўлмаган ўринда тўхтаса, ёки ибтидо бўлмаган ўриндан қироатни бошласа, ҳамда бу сабабли оят маъноси ўзгариб кетадиган бўлса аксар уламолар наздида бунда ҳам намози бузилмайди. Баъзи уламолар наздида намози бузилади. Инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.

• Намоз ўқувчи қироатда наът билан манъут орасини, сифат билан мавсуф орасини ажратиб қўйса аксар уламолар наздида намози бузилмайди. Бунда инсонларни машаққатга солиб қўйиш хавфи туфайли намоз бузилмаслигига фатво берилган.

• Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг ҳарфини бошқа калимага қўшиб ўқиса, баъзи уламолар наздида намози бузилади. Аксар уламолар: намози бузилмайди, деганлар. Бу ҳақида баъзи уламолар: “агар ўзи аслида тўғрисини билиб тилига шундай келиб қолгани туфайли хато ўқиган бўлса намози бузилмайди, аммо Қуръонда шундай деган эътиқод билан ўқиб юрган бўлса намози бузилади”, деганлар.

• Намоз ўқувчи қироатда бир калиманинг бир қисмини ўқиганидан сўнг ўзи тўхтаса, ё давоми ёдидан кўтарилиб қолиб тўхтаса, ёдига тушган вақтда олдин ўқиганини ташлаб ўқиса масалан: “Алҳамду лиллаҳи” деб ўқимоқчи бўлганда “Ал”ни ўқиб тўхтаб қолса-ю кейин “ҳамду лиллаҳи” деб давом этса баъзи уламолар наздида намози бузилади. Шамсул аимма Ҳалвоний шунга фатво берган. Нажмиддин Насафийнинг қавлларига кўра бу масалада исм ва феъл орасида фарқ бўлади. Яъни, исмда “ал”ни ўқиб қолганини тарк қилса намози бузилмайди. Аммо феълда баъзисини тарк қилса масалан “яшкурун” деб ўқимоқчи бўлиб “яш” деб қолганини ташлаб кетса намози бузилади.

• Намоз ўқувчи қироатда бир оятнинг ўрнига бошқа бир оятни ўқиб юборса, агар ўша оятда тўлиқ вақф қилган, сўнгра бошқа оятдан бошлаган бўлса гарчи маъноси ўзгарган бўлса ҳам намози бузилмайди. Чунки бундай ўқиш бир оятдан бошқа оятга ўтиш бўлиб қолади. Аммо вақф қилмасдан бир оятга бошқа оятни улаб кетган бўлса, бунда маъно ўзгармаган бўлса намоз бузилмайди. Агар маъно ўзгарган бўлса омма уламолар наздида намози бузилган бўлади. Фахрул ислом Абулюср раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шу қавлни ихтиёр қилган.

• Ибн Нужайм ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ “намоз ўқувчи الضَّالِّينَ да ёки бошқа ўринларда ض ни ظ га алмаштириб ўқиб юборса, рожиҳ қавлга кўра намози бузилмайди” деган.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

149050cookie-checkНАМОЗ ҚИРОАТИДА ХАТОГА ЙЎЛ ҚЎЙИШ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: