islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Савол: Мен тойсомон (пресс сомон) сезонида арзон нархда олиб, кейин қимматга сотсам бўладими?

Жавоб: Ушбу савол эҳтикор масаласига оид савол. Ушбу масалага оид саволлар кўп бўлгани учун жавобга кенгроқ тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Хадиси шарифларда эҳтикор хато ва лаънатга дучор қилувчи иш эканлиги таъкидланади. Эҳтикор ўзи нима? Эҳтикор луғатда бир нарсани қиммат бўлиши учун ушлаб туришга айтилади. Шариат истелоҳида эса инсонлар ва ҳайвонлар озуқасини сотиб олиш ва қимматлагунча ушлаб туришдир.(Раддул муҳтор). Аксар фуқаҳолар эҳтикор озуқаларда бўлишини айтадилар. Эҳтикор ҳаром бўлиши учун бир неча шартлар мавжуд. Бу хусусда Ибн Қудома шундай дейди: “Учта шарт топилса эҳтикор ҳаром ҳисобланади.
Биринчи шарт сотиб олиш. Яъни ўзи яшаётган шаҳар ёки қишлоқдан сотиб олиш. Агар бошқа узоқ шаҳарлардан олиб келса ёки ўзи етиштирган нарсани сақлаб қўйса эҳтикор ҳисобланмайди.
Иккинчи шарт сотиб олинган нарса озуқа бўлиши керак. Озуқа бўлмаган нарсалар, масалан кийим-кечаклар ёки асосий озуқа бўлмаган нарсалар, масалан ширинликлар, асал каби нонхуруш учун ишлатиладиган нарсаларда эҳтикор юзага келмайди.
Учинчи шарт аҳолига зарар бўлиши. Бу икки ҳолатда юзага келади. Биринчиси кичкина шаҳар ёки қишлоқларда. Лекин катта ва кенг шаҳарларда эҳтикор ҳаром бўлмайди. Чунки уларда маълум миқдордаги нарсани сотиб олиш аҳолининг турмушига таъсир этмайди. Иккинчиси танглик ва қимматчилик ҳолатида шаҳарга кириб келган карвонни савдогарлар кутиб олиб сотиб олсалар. Лекин арзончилик вақтда сотиб олиб қўйиш ҳаром ҳисобланмайди. (Муғний, баъзи ўзгаришлар билан).
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, танглик ва қаҳатчилик бўлмаган ҳолатларда ва одамларга зарар бўлмайдиган вақтларда сомонни ёки умуман бошқа маҳсулотларни, масалан, дон маҳсулотлари, мева ва сабзовотни олиб сақлаш ва кейин қимматга сотиш жоиздир. Шунингдек, бошқа узоқ юртлардан олиб келиб ёки ўзи етиштирган маҳсулотларни сақлаб қўйиш шариатда жоиздир. Валлоҳу аълам.

ТИИ ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ Абдулғаффор тайёрлади.

@habib_uz

156120cookie-checkСавол: Мен тойсомон (пресс сомон) сезонида арзон нархда олиб, кейин қимматга сотсам бўладими?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: