Холид синглиси Фотима билан дўстларини зиёфат қилдираётган отасини кутишар эди. Меҳмонлар кетгач, ота уларнинг олдига кулиб кирган ҳолда: “Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ” (сизларга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) деди. Холид ва Фотима: “Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу, (сизга тинчлик ва Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин) эй отажон” дедилар. Сўнгра ота, шу куни ака-сингил Қуръони Кариймдан ёд олганларини улар билан бирга такрорлаб чиқди. Шундан сўнг ота: “Эй Холид, АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан ўрганганларингни ёдлаб олдингми?” деди.
Холид: Ҳа отажон, АЛЛОҲга ҳамд бўлсин, Роббимнинг исмларидан яна ўрганмоқчиман.
Ота: АЛЛОҲнинг гўзал исмларидан яна: САЛОМ (нуқсонлардан саломат тинчлик ато этувчи) МЎМИН, (иймон, омонлик берувчи) МУҲАЙМИН, (ҳар бир нарсани қамраб олувчи) АЗИЙЗ (қудратли, ғолиб зот, ҳеч нарса у Зотдан ғолиб кела олмайди).
Фотима: “Бу исмлар бунча ҳам гўзал эй отажон?”.
Холид: Отажон сиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида гапириб беришингизни сўрайман.
Ота: Набиййимизнинг, У зотга саломлар бўлсин, исмлари Муҳаммад оталари: Абдуллоҳ боболари Абдул Мутталиб бўлиб, у киши Бани Ҳошим уруғидан. Оналари Омина бинти Ваҳб. Пайғамбаримизни Ҳалимаи Саъдиййа эмизганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам араб қабилаларининг насаб жиҳатдан энг шарафли бўлган қабиладандирлар. У қабила Қурайшдир. Маккаи Мукаррамада туғилиб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганлар.
Холид: Отажон Ислом беш нарсага асосланганлиги ҳақидаги ҳадисни тушунтириб беришни ваъда қилган эдингиз.
Ота: Ҳа Холид… Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (Набий) соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ислом дийнини, бешта устунга барпо қилинган бинога ўхшатиб, тушунтирмоқдалар. Бу бино ушбу устунларсиз тура олмайди, улар Ислом биносига асос, таянч вазифасини ўтайди.
Фотима: Бу устунлар, асослар нима отажон?
Ота: Бугун ушбу асосларнинг биринчиси ҳақида суҳбатлашамиз.
Биринчи асос: “АЛЛОҲдан бошқа илоҳ йўқ ва Муҳаммад АЛЛОҲнинг Расулидир деб гувоҳлик бериш”.
Бунинг маъноси суюклиларим, АЛЛОҲдан ўзга ибодат қилинадиган зот йўқлигига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзга эргашиладиган инсон йўқлигига қалбимиз ва тилимиз ила иймон келтиришимиз, тасдиқлашимиз ва эътироф этишимиздир. Инсон ушбу шаҳодат калимасини тили билан айтиб, қалби билан ишонсагина мусулмон бўлади.
Калимаи тавҳид “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқдир” деганидир, бу ҳақда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳдан ривоят қилганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки чин қалбдан “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқ” деса жаннатга киради”.
(Ибн Ҳиббон ривояти)
Жаннат, болаларим, бир уйга ўхшайди ва ҳар бир уйнинг албатта эшиги бўлади, ўша эшикнинг калити бўладики, у калитсиз эшик очилмайди ва бу калит ихлос калимаси: Лаа илаҳа иллаллоҳ” дир. Мана шу калити бор инсондан бошқа ҳеч ким жаннат эшигини очиб у ерга кира олмайди. Кимки ихлос билан “АЛЛОҲдан ўзга илоҳ йўқ” деса ва шу калимага ҳаётида амал қилса АЛЛОҲ уни жаннатга киритади.
Холид: “Ота, мен хоҳлардимки…”
Ота: Нимани хоҳлайсан Холид?!! Бугун эшитганларинг сенга кифоя қилади ўғлим, токи эрта уйқуга ётиб, эрта тонгда тетик бўлиб уйқудан уйғонгин.
Холид: “Лекин мен АЛЛОҲга ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қиламан отажон ва Улар ҳақида кўп билишни хоҳлайман”.
Ота: Шошилмагин ўғлим… Энди эса тур, уйқуга ёт.
Холид: Хўп бўлади ота, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга уйқу олдидан бажарадиган ва ўқийдиган бирор нарса ўргатганмилар?
Ота: Ҳа ўғлим… Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 1) ухлашдан олдин таҳорат қилишни; 2) Ўнг ёнбошлаб ётишни; 3) ва ушбу:
بِسْمِكَ اللهُمَّ أمُوتُ وَأحْيَا
“Бисмикаллоҳумма амуту ва аҳйа”
Маъноси: (Аллоҳим Сенинг исминг ила вафот топаман ва тириламан).
(Имом Бухорий ривояти)
Дуосини ўқишни ўргатганлар.
Холид: Бу дуони ухлашимдан олдин ёдлаб олиш учун сиздан изн сўрайман.
Ота: “Яхши ўғлим”.
Манба: islom.uz