Инсон сочи пок ҳисобланади. Яъни тирик инсоннинг сочи ҳам, вафот этган инсоннинг сочи ҳам, бошда турганда ҳам, кесиб олинганда ҳам пок ҳисобланади. Инсон сочи пок деганда уни ишлатиш мумкин, деган маънода эмас, балки кийимга ё бирор аъзога тегса уни нопок қилмайди маъносида тушунилади. Масалан, биров кесилган сочни кўммоқчи бўлиб ё бошқа бирор сабаб билан чўнтагига солган бўлса-ю, кейин шу ҳолатда намоз ўқиган бўлса, пок кийимда намоз ўқиган бўлади.
Сочнинг поклигига уламолар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олинган муборак сочларини Абу Талҳа розияллоҳу анҳуга узатганлари ва у зотнинг уларни одамларга бўлиб берганларини далил қилиб келтирганлар.
Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим