Сафар давомида томонлар муҳим масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қирғизистон давлатига сафари бошланди. Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Мақсадбек Токтамушев бошчилигидаги бир гуруҳ мутасаддилар Ўзбекистон делегациясини кутиб олдилар.
Ҳозирги кунда мамлакатларимиз раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан ҳамкорлик алоқалари кейинги йилларда кенг қулоч ёймоқда. Айниқса, минтақа мамлакатлари диний идоралари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини алоҳида қайд этиш керак. Ўтган Рамазон ойи ва ҳайит байрамлари кунини белгилаш ва намоз вақтларини аниқлашда олиб борилган уламолар ҳамкорлиги сўзимизга яққол мисол бўла олади.
Бугун бўлиб ўтаётган мулоқотлар мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорлик муносабатларининг узвий давоми сифатида майдонга келди. Мулоқотларда қардош халқлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш, ҳозирги кундаги турли таҳдидларга қарши биргаликда курашиш, мўмин-мусулмонлар бирдамлигини таъминлаш каби масалаларга алоҳида урғу қаратилади.
Сафар жараёнларини сайтимиз орқали кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси