islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“ҚОҚИБ ҚЎЙИШ” ЁХУД “ҚОНЛАБ ҚЎЙИШ” ИСЛОМДА БОРМИ?

“Қоқиб қўйиш” ёки “қонлаб қўйиш” қандай амал ва бу амални қилишликка динимиз қанақа муносабат билдиради?

Мақоламизда  назарда тутилаётган “қоқиб қўйиш” ёки “қонлаб қўйиш” амали бирор ҳайвонни (масалан, бирор қўй ёки қора товуқни) сўйиб, қонини бемор кишининг пешанасига, юзининг икки четига суртиб қўйишдан иборат. Бундай амал кўпинча фолбинлар-у қоқинчилар, азоимхон-у қушночлар томонидан амалга оширилади. Бу ишнинг асал ҳақиқати эса қуйидагидан иборат:

Улар ўзларига  келган беморга  “қора илашган” деганга ўхшаш “ташхис” қўйишиб, қўй ё қора товуқ(ёки хўроз)нинг қонини  беморнинг юзига  ва уёқ-буёғига суртиб қўйишади. Улар жонлиқни Аллоҳнинг номи билан (яъни “Бисмиллаҳи, Аллоҳу акбар” деб) эмас, балки, ўзлари турли номлар билан аташган жин-шайтонларнинг номлари билан  сўйишади. Шунда жин-шайтонлар ўзларининг номига аталган жонлиқ қонидан базм қилишади. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, агар бемор жин тегишига доир касаллика чалинган бўлиб, фолбинлар сўзига кирган ҳолда юқоридаги “қонлаб қўйиш” амалиётини қилса  айрим вақтларда жинлар бирор муддат бундай одамга тегмай  ҳам турадилар. Бироқ вақт ўтиб яна ўзларини йўлларига қон сўрайдилар ва бу ҳолат шу тобда давом этавериб,  охирида Одам алайҳис салом ва Иблис орасидаги қадимий адоват сабабли қаттиқроқ ҳужум қиладилар.

Бундай “қоқиб қўйиш” ёки“қонлаб қўйиш” динимизда   уч жиҳатдан қораланади:
1.Аллоҳнинг номидан ўзганинг номига атаб сўйиш ҳолати бўлгани учун.
Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Аллоҳ номидан бошқанинг номи билан сўйган кишини Аллоҳ таоло лаънатлагандир.” деб. (Имом Муслим ривояти)
2. Жин-шайтонлардан ёрдам сўраш ҳолати бўлгани учун:
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
“Инсонлардан бўлмиш (айрим) кишилар жинлардан бўлмиш кимсалардан паноҳ тилашар, уларга(яъни, жинларга) эса янада ҳаддан ошишни зиёда қилур эдилар” (Жин сураси, 6-оят)
Воҳид Абдусалом Болийнинг “Жин-шайтондан сақланиш йўллари” номли китобида қуйидагича келтирилади:
“Сеҳргарлар ва фолбинлар жинлардан ёрдам сўрайди, бу эса ширкдир. Чунки жинлардан ёрдам сўраш  Аллоҳ таолони қўйиб, бошқадан ёрдам сўраш демакдир.” (39-бет)
3. Ҳайвон қонини инсонга суртиш бўлгани учун.
Ҳайвон сўйилганда оққан қон уламолар ижмосига кўра ҳаромдир.
Хулоса қилиб шуни айтамизки, бошимизга дард тушганда “қоқиб қўйиш” ёки “қонлаб қўйиш” амали билан эмас, балки  Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўраб, Ундан шифо умид қилиб, шариат  рухсат берган усуллар билан даволанишимиз мақсаддга мувофиқдир.
Рустам Қиличев
ЎМИ Қашқадарё вилоят
вакиллиги ходими
Манба: nasafiyziyo.uz
159560cookie-check“ҚОҚИБ ҚЎЙИШ” ЁХУД “ҚОНЛАБ ҚЎЙИШ” ИСЛОМДА БОРМИ?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: