islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади

Азиз ўғил-қизларим!

Барчангизни юртимиз ҳаётидаги қутлуғ байрам – Ёшлар куни билан самимий табриклаб, ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

Бугунги кунда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда азму шижоатли ёшларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бораётгани ҳаммамизни қувонтиради.

Ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида, Ватан ҳимоясидек шарафли вазифани адо этишда миллионлаб ёшларимиз садоқат ва фидойилик билан хизмат қилмоқда. Сиёсий савияси етук, мустаҳкам фуқаролик позициясига эга юзлаб йигит-қизлар парламентимиз ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг аъзоси сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимият идораларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда.

Республикамизда самарали ишлаётган 227 мингга яқин ёш тадбиркор ва фермерлар, моҳир ҳунармандлар иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Юртимизда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда.

Бу ҳақда гапирганда, биргина “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилганини қайд этиш лозим.

Ана шундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳудудларда 27 та “Ёш тадбиркорлар” коворкинг-марказлари ҳамда 157 та “Ёшлар меҳнат гузари” фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуаларда 2 минг 200 нафардан ортиқ ўғил-қизларимиз ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлагани эътиборлидир.

Шу билан бирга, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 мингга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди.

Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда  560 минг 200 нафарга яқин ёш фуқаро иш билан таъминланди.

Бу йил коронавирус пандемияси ҳамда Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган офатлар бутун эл-юртимиз қатори ёшларимиз иродасини ҳам синовдан ўтказди. Ана шундай оғир вазиятларда минг-минглаб ўғил-қизларимиз чинакам мардлик ва жасорат кўрсатиб, барча тенгдошларига ўрнак бўлдилар.

Хусусан, мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг асосий иштирокчилари ҳам ёшларимиз экани, Ҳаракат доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг 4 минг 500 нафар аъзоси кўнгилли сифатида фаол иш олиб бораётгани таҳсинга лойиқдир.

Сардоба сув омборидаги тошқиндан талофат кўрганларга ёрдам ва кўмак кўрсатиш мақсадида Ёшлар иттифоқининг хайрия карвони ташкил этилиб, аҳолига кийим-кечак, санитария воситалари, озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, катта миқдордаги ўқув қуроллари ва спорт анжомлари, бадиий адабиётлар етказиб берилди.

Ўз навбатида, бундай эзгу ишлар Бухоро вилоятининг кучли довулдан зарар кўрган Олот ва Қоракўл туманларида ҳам амалга оширилгани сизларнинг ватанпарварлик ва олижаноблик фазилатларингиздан далолат беради.

Фурсатдан фойдаланиб, оғир синов кунларида халқимизга ҳақиқий таянч ва суянч бўлиб майдонга чиққан Қуролли Кучларимизнинг мард ва матонатли ҳарбий хизматчиларига, жонкуяр шифокорлар, бунёдкор қурувчилар, саховатли тадбиркорларимизга, илм-фан, маданият ва спорт соҳаси вакилларига, Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига – барча Ўзбекистон ёшларига чин қалбимдан миннатдорчилик билдираман.

Ватанимиз, эл-юртимиз сизлар каби фидойи ва жасур фарзандлари билан ҳамиша фахрланади!

Муҳтарам ёш дўстларим!

Бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг
ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, биз навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятларни сафарбар этмоқдамиз.

Шу мақсадда улуғ алломаларимиз номидаги ихтисослаштирилган мактаблар, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси, Фарғона шаҳрида “Лойиҳалар фабрикаси” фаолияти йўлга қўйилгани, Президент ва ижод мактаблари бўйича дастурларимиз изчил давом эттирилаётгани сизларга яхши маълум.

Иқтидорли ёшларни янада қўллаб-қувватлаш учун ҳар бир ҳудудда Ёшлар технопаркларини барпо этишни бошладик. Умумий қиймати 30 миллиард сўмдан ортиқ бўлган “Ёш олимлар” амалий ва инновацион лойиҳалар танлови эълон қилинди.

Карантин шароитига қарамасдан, 6 миллиондан ортиқ мактаб ўқувчилари, 468 минг талаба ўқув дастурларида белгиланган дарсларни ўз вақтида ва сифатли ўзлаштирди. “Оnline-maktab” лойиҳаси доирасида 17 та фан бўйича 4 мингдан ортиқ телемашғулотлар ўтказилди.

Бу жараёнга энг малакали педагоглар жалб этилди, жумладан, Тошкентдаги Президент мактабининг хорижлик мутахассислари томонидан ҳам маҳорат дарслари олиб борилди. Имконияти чекланган болаларни ўқитишга алоҳида эътибор қаратилиб, барча дарслар сурдопедагог ва сурдотаржимонлар томонидан тушунтириб борилди.

Ўзбекистоннинг бу тажрибаси ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Бугунги шиддатли замонда, глобал миқёсда рақобат кучайиб бораётган мураккаб вазиятда юксак интеллектуал салоҳиятга эга кадрларга эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда. Шу боис биз ўз олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалардан келиб чиқиб, мамлакатимиз олий таълим тизимида туб ўзгаришларни амалга оширмоқдамиз.

Жумладан, кейинги уч йилда республикамиздаги олий ўқув юртлари сони 60 фоизга ошиб, 116 тага етди. Улар орасида нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатимизда олий таълим муассасаларига қабул квоталари сони изчил ошириб борилмоқда. Агар 2016-2017 ўқув йилида бу рақам
58 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилда 150 мингтага етади. Яъни, бу йил мактаб битирувчиларининг 25 фоизи олий ўқув юртларида ўқиш имконига эга бўлади. Ҳолбуки, 2017 йилда бу рақам 9 фоизга тенг эди.

Миллат генофондини сақлаш ва давом эттиришнинг муҳим омили бўлган ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласи доимо эътиборимиз марказида бўлиб келмоқда. Сўнгги уч йилда 2 минг 668 та ёш оилага уй-жой учун 121 миллиард 244 миллион сўм бошланғич тўлов маблағлари 20 йил давомида фоизсиз қайтариш шарти билан тўлаб берилди.

Барчамиз гувоҳмиз – бугун дунё мисли кўрилмаган суръатлар билан кескин ўзгариб бормоқда. Ижтимоий ҳаётимизда кўплаб ижобий жараёнлар билан бирга, ёш авлоднинг қалби ва онгини эгаллашга қаратилган маънавий таҳдидлар ҳам тобора хавфли тус олмоқда.

Бундай мураккаб вазиятда фарзандларимизни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш энг долзарб вазифамиз бўлиб қолмоқда.

Ёшларимизни она Ватанимизга, мустақиллик ғояларига муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган катта ишларимизни бундан буён ҳам қатъият билан  давом эттирамиз.

Айни шу мақсадда юртимизнинг барча вилоят ва туманларида, шаҳар ва қишлоқларимизда янги-янги таълим даргоҳлари, маданият ва санъат масканлари, спорт иншоотлари барпо этилиб, ёшлар ихтиёрига берилмоқда.

Шулар қаторида пойтахтимизда бунёд этилган муҳташам “Ғалаба боғи”, “Шон-шараф” музейи, Тошкент шаҳрининг тарих музейи, бетакрор Адиблар хиёбони фарзандларимизни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ёшларимизни жисмоний соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш учун беш ижобий ташаббус доирасида кўплаб стадионлар, сув ҳавзалари, спорт мажмуалари ва саройлари барпо этилмоқда.

Энг муҳими, фарзандларимиз ўртасида спорт билан мунтазам шуғулланадиган, соғлом турмуш тарзини ўз ҳаётий мақсадига айлантирган йигит-қизлар сафи кенгайиб бормоқда.

Қадрли ватандошлар!

Бугун жонажон Ўзбекистонимизда эркин ва обод, фаровон ҳаёт қуриш йўлида биз бошлаган улкан ишларни давом эттиришга қодир бўлган янги авлод шаклланмоқда.

Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда.

Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

Сизларни севимли байрамингиз, азму шижоат, гўзаллик ва камолот айёми – Ёшлар куни билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти   

159630cookie-checkЎзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон ёшларига байрам табриги йўллади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: