Ислом фиқҳида “луқата” деб ердан топиб олинган эгасиз қиймати бор нарсаларга айтилади.
Ердан нарса топиб олган одам уни ҳеч кимга кўрсатмай яшириши мумкин эмас. Аксинча уни ошкор қилиши, эгаси топилиши учун бор имкониятини ишга солиб, эълон қилиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Кимки луқатани топиб олса адолатли одамга гувоҳ қилиб қўйсин, уни беркитмасин. Бир йил давомида эълон қилсин. Агар шу орада эгаси келса эгасига қайтаради, келмаса у Аллоҳнинг моли ва топиб олган одам ўзи хоҳлаган кишига бериши мумкин”.
Луқатани ерда ўз ҳолича ташлаб кетгандан кўра, уни олиб сақлаш афзал бўлади. Чунки, шундай нарсалар борки, унга керакли қаралмаса ҳалок бўлади, ёки бирор хоиннинг қўлига тушиб увол бўлади ва ҳоказо. Бундай нарсалар ерда ётган бўлса уни олиш ва ҳалокатдан сақлаб қолиши вожиб бўлади.
Агар ўша молни олгач жамоатчилик орасида эълон қила олмаса, эгасига етказмай ўзи еб қўяр даражада нафси ёмон бўлса, бу ҳолда уни олиб гуноҳга ботгандан кўра олмай ўз ҳолича қолдирган афзал. Токи, бирор солиҳ инсон топиб эгасига етказсин.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Али розияллоҳу анҳудан санад билан шундай деганлар: “Луқатани топган одам бир йил эълон қилади. Агар бирон талабгор келса унга беради. Ҳеч ким келмаса садақа қилиб юборади. Садақа қилиб юборгандан кейин кимдир ўша мол менга тегишли эди деб келса, топиб олган одам хоҳласа унга тўлаб беради ва садақанинг ажри ўзига қолади. Хоҳламаса тўламаслиги ҳам мумкин ва ажр молнинг ҳақиқий эгасига кетади”. (Сунани Байҳақий 6/181).
Луқата уни топиб олган одамнинг қўлида омонат бўлади. Топиб олган чоғи одамларга ошкор қилиб, уни эгаси топилгунча сақлаб, парваришлаб туришни зиммасига олса ва лекин эгаси топилгунча у ҳалок бўлса, бу ҳолатда топиб олган одам унга зомин бўлмайди. Яъни эгасига тўлаб бериши шарт бўлмайди. Лекин ўзи ишлатиш учун олганини тан олса, тўлаб бериши вожиб бўлади.
Эълон қилишда “Нарсасини йўқотиб қўйган одамни учратсаларинг, менга йўллаб юборинглар!” деб айтиш етарли. Қиймати арзимас нарсалар уч кун, сал тузукроқ нарса бўлса олти кун жамоат жойларида эълон қилинади. (Ҳанафий фиқҳи ва унинг далиллари асари асосида тайёрланди.)
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳар “ЧИНОР” жоме масжид имоми