islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

РЎЗАНИНГ МАНФААТЛАРИ

Рўзадор савоб умидида очликка сабр қилиб қалби соф бўлиб бораётган, чанқоқ ва ташналик қийинчиликларига чидаб севинч кўз ёшларига муваффақ қилинаётган кишидир.

Рўзадор тутаётган рўзаси туфайли Аллоҳ таолонинг энг севикли бандалари қаторидан жой олаётган кишидир.

Шу сабабли ўтган барча улуғ инсонлар Рамазонни яхши ишларга мусобақалашиш фурсати деб билишган ва у келганда хурсандчилик кўз ёшларини тўкишган ва ундан айрилганда маҳзун бўлишган. Рамазон ана шундай солиҳ бандаларни тарбиялайдиган ой бўлиб, унинг тарбияланувчилари кўплаб манфаатларга эга бўладилар:

– Рўза энг кўп савоб бериладиган амалдир. Чунки ҳар бир қилинган солиҳ амалга ўшанча ё ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши ваъда қилинган. Аммо рўзага бериладиган савоб миқдорини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди;

– Рўза туфайли рўзадор танасидаги таом ва қон йўллари тораяди. Бу йўллар эса шайтон юрадиган йўллар бўлгани сабабли рўзадор шайтон йўлларини торайтирган бўлади;

– Рўза рўзадордан шаҳват ва шаҳвоний ўй-хаёлларни кетказиб унинг руҳиятини тиниқлаштиради;

– Рўза рўзадорга оч-наҳор юрган қанчадан-қанча эҳтиёжманд мусулмон қардошларининг ҳолатини ҳис қилдиради ва уларга ёрдам қўлини чўзишга ундайди;

– Рўза нафсни тарбиялаш, қалбни поклаш ва барча аъзоларни гуноҳлардан тийишни ўргатадиган илм боғидир;

– Рамазон мусулмонларнинг ўзаро бирдамликларини ифодаловчи ойдир. Бу ойда улар баравар оғиз ёпадилар, баравар оғиз очадилар ораларидаги дўстлик ва меҳр-мурувват ришталари ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ намоён бўлади;

– Рўза рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлади. Чунки ҳадиси шарифда “Модомики, гуноҳи кабиралардан сақланилган бўлса, Рамазон (ўзидан олдинги) Рамазонгача бўлган гуноҳларга каффорот бўлади”, дейилган;

– Маълумки, гуноҳлар мусулмон киши учун худди заҳар баданга шикаст етказганидек зарарлидир. Заҳарланган танага заҳарни кетказувчи восита қанчалик муҳим бўлса, мусулмон киши учун ҳам Рамазон рўзаси шунчалик муҳимдир;

– Рўза рўзадорларнинг саломатликлари тикланишига сабаб бўлади. Чунки бу ойда ошқозон дам олади, қонлар тиниқлашади, нафс покланиб, хулқлар гўзаллашади;

– Рўза мухлис рўзадор ва Аллоҳ таоло ўртасидаги сирдир. Чунки банданинг рўза тутаётгани намоз, закот ва ҳаж сингари бошқа амаллардан фарқли ўлароқ Аллоҳ таолодан бошқага ошкор намоён бўлиб турмайди.

Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим

160010cookie-checkРЎЗАНИНГ МАНФААТЛАРИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: