islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзанд тарбияси (17-дарс)

Дарс Улуғ АЛЛОҲга ҳамд-сано ва Набиййимиз Муҳаммадга салавоту саломлар айтиш ила бошланди.

Ота: бугун фарзандларим, аҳамияти катта ҳадийслардан бирини сўзлаб бераман. Унга қулоқ тутинг ва яхшилаб огоҳ бўлинг:

Абу Ҳурайра Розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берганда вафо қилмайди, омонат топширилса хиёнат қилади”.

(Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Нифоқ бу инсон ўз қалбидаги нарсадан бошқа нарсани одамларга кўрсатиши. Худди қалбига Иймон кирмаган ҳолда, инсонларга Исломини кўрсатиб, кофирлигини беркитаётган бўлади. Нифоқнинг аломати, далиллари ва натижалари бўлиб, ёлғон, ҳиёнат, ваъдага вафо қилмаслик нифоқ келтириб чиқарган ёмонликлардир. Ушбу ёмон хислатларнинг соҳиби мунофиқларга ўхшаб, улардек бадхулқ бўлиб қолади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишини бу хислатларга ўрганиб қолишидан огоҳлантирмоқдалар ва бу хислатлар уни ҳақиқий нифоқга, яъни Исломдаги нифоқга етаклашидан, у қиёмат куни инсонлар орасидан энг қаттиқ азобга учраб жаҳаннамнинг энг тубидан жой олишидан хавотирланмоқдалар. Бундан АЛЛОҲдан паноҳ сўраймиз. Мусулмон мунофиққа ўхшаб қолмаслик учун ёлғон гапирмайди. Ёлғон улкан гуноҳ ва қабиҳ одатдир. Бир марта ёлғон гапирган иккинчи марта ҳам гапиради яна ёлғон гапиради. Ёлғон бир-бирига уланиб кетади ва АЛЛОҲнинг хузурида “ёлғончи” деб ёзилиб, ҳалокатга учраганлардан бўлади. Мусулмон омонатга ҳиёнат қилмайди, одамлар унга бирор нарсани омонат қўйсалар уни тўла тўкис адо этади. Яхши ваъда берса ваъдасига хилоф қилмайди.

Фотима: ота сиздан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беш аёлларини билиб олдик, бошқаларини ҳам хабарини беринг.

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёллари:

6) Зайнаб

7) Умму Салама (Ҳинд бинти Абу Умайя)

8) Умму Ҳабийба (Ромла бинти Абу Суфён)

9) Маймуна бинти Ҳорис Ҳилолийя

10) Жувайра бинти Ҳорис

11) Сафийя бинти Ҳуяй ибн Ахтоб

12) Мория Қибтия, чўрилари ҳамда Иброҳим ўғилларининг онаси

Холид: Ота бугун тонгги зикрлардан қай бирини ўрганамиз?

Ота: тонгги зикрлардан мана бунисини:

أصْبَحْنَا عَلَى فِطْرَةِ الإِسْلاَمِ وَكَلِمَةِ الإِخْلاَصِ وَدِينِ نَبِيِّنَا مُحَمَّدٍ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَمِلَّةِ إِبْرَاهِيمَ حَنِيفًا مُسْلِمًا وَمَا أَنَا مِنَ الْمُشْرِكِينَ

 Асбаҳнаа ъалаа фитротил Ислаам ва калиматил ихлаас ва дийни Набиййина Муҳаммад ва миллати абийна Иброҳийма ҳанийфам мулимав ва маа каана минал мушрикийн

Маъноси: (Ислом фитратида, ихлос калимасида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дийнида, ҳақга мойил бўлган Иброҳийм алайҳиссалом миллатида, мусулмон бўлган ҳолда тонг оттирдик. Мен мушриклардан эмасман).

(Имом Аҳмад ривояти)

Фотима: Отажон! Олдинги дарсда хўроз қичқирганда айтиладиган гўзал зикрни ўрганган эдик. Эшак ханграганда нима деймиз?

Ота: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни эшитганимизда Аллоҳдан қувилган шайтоннинг ёмонлигидан панох сўрашни ўргатганлар. Чунки у шайтонни кўрган бўлади.

أَعُوذُ بِاللهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيْمِ

Аъуузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм

Маъноси: (қувилган шайтоннинг ёмонлигидан Аллоҳдан панох сўрайман). деймиз

 (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Дарсимизни тугатишдан олдин Аллоҳнинг гўзал исмларидан ўрганамиз: Шафий, (шифо берувчи) Суббуҳ, (барча айбу нуқсонлардан пок бўлган Зот) Рофийқ, (ўта марҳаматли, раҳмдил дўст) Ваҳид, (шериги йўқ, яккаю ягона Зот) Сомад (Улуғ, суянилган, ҳеч кимга ҳожати тушмайдиган, боқий бўлган Зот).

Манба: islom.uz

162440cookie-checkФарзанд тарбияси (17-дарс)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: