islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фарзанд тарбияси (19-дарс)

Дарс Аллоҳга ҳамд сано ва Саййидимиз Расулуллоҳга салавоту саломлар айтишдан бошланди.

Сўнгра ота: Сизларга бугун қиладиган насийҳатим суюклиларим, қачонки дийндан, яхшиликдан нимани ўргансангиз бошқа мусулмонларга билдириб, далолат қилинг. Шу ишингиз ила катта савоб қозонасиз. Мисол учун: мен бир мусулмонни Қуръон ёдлашга тарғиб қилсам ва у бу ишни қилса катта ажр олади. Шунда мен ҳам савоб оламан. Шундай қилиб ҳар бир яхши ишда шу ҳолат юзага чиқади.

Абу Масъуд Ансорийдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Ким яхшиликка далолат қилса унга яхшиликнинг қилувчисидек ажр бўлади”.

(Имом Муслим ривояти)

Фотима: Тезда дугоналаримга сиз ўргатганларингизни ўргатиб қўяман ва ажрини икки баробар қозонаман.

Холид: Мен ҳам шундай қиламан отажон, бугун Аллоҳнинг гўзал исмларидан қайсиларини ўрганамиз?

Ота: Аллоҳнинг гўзал исмларидан: Мавлаа, (эга, бандаларига меҳрибон рахнамо) Мутаъалий, (олий мартабали Зот) Барр, (яхшилик қилувчи Зот, ундан кўра яхшилик қилувчи умуман йўқ) Тавваб, (тавбаларни кўплаб қабул қилувчи) Афув (бандаларни авф қилувчи Зот).

Фотима: Отажон! Сиздан уйқумда бўлган бир нарса ҳақида сўрамоқчи эдим.

Ота: Уйқингда нима содир бўлди Фотима?

Фотима: Уйқумдан қўрққан, чўчиган ҳолимда турдим.

Ота: Ҳечқиси йўқ, бошқа маротаба яна шундай бўлса:

أعُوذُ بِكَلِمَاتِ اللهِ التَّامَّةِ مِنْ غََضَبِهِ وَشَرِّ عِبَادِهِ وَمِنْ هَمَزَاتِ الشَّيَاطِينِ وَأنْ يَحْضُرُونِ

Аъуузу бикалиматиллаҳи таммати мин ғозобиҳи ва мин шарри ъибадиҳи ва мин хамазатиш шаятийни ва ай йахзурун.

Маъноси: (Аллоҳнинг мукаммал калималари ила ғазабидан, бандаларининг ёмонлигидан, шайтонларнинг васвасаси ва менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман).

(Имом Бухорий ривояти)

Холид: Отажон! Бугун тонгги ва кечки зикрлардан уч марта айтадиганимиз:

سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ عَدَدَ خَلْقِهِ وَرِضَا نَفْسِهِ وَزِنَةَ عَرْشِهِ وَمِدَادَ كَلِمَاتِهِ

Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, ъадада холқиҳи ва ризоо нафсиҳи ва зината ъаршиҳи ва миндаада калиматиҳи.

Маъноси: (Аллоҳга махлуқотлари ададича, Ўзи рози бўлгунича, аршининг вазнича ва калималарининг кўплигича тасбеҳ ва ҳамд бўлсин).

(Имом Муслим ривояти)

Шу пайт Холид оғзини очган ҳолда эснади…

Ота: оғзингни ёп, қўлингни унинг устига қўй эй Холид! аллоҳ эснаганни яхши кўрмайди. Чунки бу шайтондандир. Мусулмон эснасаю, оғзини ёпмаса ёки қўли билан тўсмаса шайтон унинг устидан кулади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эснаганимизда қилинадиган гўзал одобни ўргатганлар:

“Бирортангиз эснаганда қўли ила оғзини ёпсин, шайтон оғизга киради”.

(Имом Муслим ривояти)

Шу вақт бир идишда олма кўтарган ҳолда она кириб қолди.

Ота улардан бирини ола туриб:

“Субҳаналлоҳ! Қандай яратган, қандай гўзал қилган… буни қизартирган, катта қилган ва ширин қилган Зот барча айбу нуқсонлардан покдир”, деди.

Манба: islom.uz

162980cookie-checkФарзанд тарбияси (19-дарс)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: