“Хабарингиз бор, мамлакатимизда коронавирусга чалинганлар сони кўпайиб бораётгани муносабати билан биз карантин талабларини яна кучайтиришга мажбур бўлдик.
Нега деганда, очиқ айтиш керак, ҳозирги кунда бутун дунё коронавирус деб ном олган мана шу тилсиз ёв, кўзга кўринмас душманга қарши уруш ҳолатида турибди.
Урушга кирган ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ ўз юртини, ўз аҳолисини ҳимоя қилиш учун барча чораларни кўради. Энг аввало, хавф-хатарнинг йўлини беркитади, темир интизом ўрнатади. Қатъий сафарбарлик шароитида яшаш ва ишлашга ўтади. Бугун биз ҳам айни шундай ҳолатдамиз.
Республика махсус комиссияси томонидан вазият мунтазам таҳлил қилиниб, инфекцияни жиловлаш юзасидан барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу касалликка қарши кураш учун бизда барча захира ва имкониятлар мавжуд. Энг муҳими, фидойи ва жасур шифокорларимиз ўз бурчини садоқат ва матонат билан бажармоқда.
Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда.
Ўзимиз кўряпмиз, дунёда қайси давлатда тиббий маданият, тартиб-интизом кучли бўлса, ўша мамлакат пандемиядан энг кам талофат билан чиқмоқда.
Ҳаммамиз оиламиз, фарзандларимиз, муҳтарам нуронийларимизнинг соғлиги учун яна озгина чидашимиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт. Озгина чидасак, бу кунлар ҳадемай ўтиб кетади. “Сабр қилган муродга етар”, дейди халқимиз.
Ишончим комил, ҳар бир ишни етти марта ўйлаб, чидам ва матонат билан амалга ошириб келган эл-юртимиз бугунги синовлардан муносиб ўтиб, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев.
манба: www.president.uz