Айни дақиқаларда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Мажлисда пандемияга қарши қандай курашиш масаласи кўрилди.
Хусусан, ҳозирда COVID-19 юқтирганлар сони 18 минг 700 нафардан ошгани, вазият ҳамон жиддий бўлиб қолаётгани таъкидланди.
– Аҳволи оғир беморлар сони кўпайиб бормоқда, – деди давлатимиз раҳбари. – Коронавирусга қўшимча равишда пневмония ҳолатлари ҳам кенг тарқалмоқда. Шу сабабли, охирги 10 кунда 4 та селектор ўтказиб, ҳокимлар, вазирлар ва бошқа мутасадди раҳбарларга қўшимча даволаш ўринларини ташкил этиш, симптомсиз касалларни уйда тизимли даволаш, уларни зарур дори-дармон ва озиқ-овқат билан таъминлаш, тез тиббий ёрдам тизими ишини яхшилаш бўйича тегишли топшириқлар берган эдим. Бугун ҳисоботларни эшитамиз.
Шавкат Мирзиёев ҳозиргача амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритар экан, охирги кунларда коронавирусни даволаш учун қўшимча 46,5 мингта ўрин ажратилгани, яна 31 мингта ўрин ташкил этилиши, 397 та тез тиббий ёрдам машинаси харид қилингани, бир ой муддатда яна 409 та машина жойларга етказилишини таъкидлаб ўтди.
Халқаро ва маҳаллий тажрибани ҳисобга олиб, коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси янгиланди, деди Президент. Тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар ва пенсияга чиққан мутахассислар орасидан жами 5 мингта врач ҳамда 9 мингта ҳамшира беморларни даволаш ва маслаҳат беришга жалб этилди.
– Шу ўринда ўз ҳаёти ва соғлиғини хавф остига қўйиб, касалликка қарши мардона курашаётган фидойи шифокорларимизга ҳар қанча раҳматлар айтсак, арзийди. Бугун коронавирус пандемияси шароитида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва ҳаётини асраш, юртимизда инфекцияни жиловлашда улкан жасорат ва фидойилик намуналарини кўрсатган бир гуруҳ тиббиёт, ички ишлар, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Миллий гвардия ходимларини ва бошқа ташкилотчиларини фахрий унвон, орден ва медаллар билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим, – деди давлатимиз раҳбари.
Олдинда бундай мукофотлар кўп бўлиши таъкидланди. Бу курашда ўзини аямай меҳнат қилаётган барча тиббиёт ходимлари албатта муносиб тақдирланади.
– Биз пневмонияни даволашда нафақат ўзимизнинг шифокорлар, балки видеоалоқа орқали хориждаги етакчи мутахассисларни консультация беришга жалб қиляпмиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ҳозирги вақтда германиялик тиббиёт профессори юртимизга келиб, даволаш жараёнларида бевосита иштирок этмоқда. Бугун Туркиядан бир гуруҳ профессорлар етиб келади. Бошқа давлатлардан ҳам энг тажрибали мутахассисларни жалб қилиш бўйича иш олиб боряпмиз.
Президентимизнинг қайд этишича, бугунги кунда энг муҳим вазифа аҳоли ўртасида вирус занжирини узиш ҳисобланади. Бунинг учун карантин талабларига сўзсиз амал қилиш, уларнинг иммунитетини мустаҳкамлаш, соғлигини асраб-авайлаш, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун курашиш зарур.
Шу муносабат билан, шунингдек, касаллик юқтирилишининг олдини олиш, ўлим ҳолатларини кескин камайтириш мақсадида Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифига розилик билдирилди.
Бунда “Пандемияга қарши кураш – ҳар биримизнинг виждон ишимиз”, “Ўзим, оилам, фарзандларим соғлиғи учун аввало ўзим жавобгарман”, деган фикрларни халқимиз онгига чуқур сингдириш ва амалий ҳаёт мезонига айлантириш лозимлиги таъкидланди.
Бугун пандемияни жиловлашда ҳокимликлар, секторлар, соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари раҳбарлари ва ходимлари, маҳалла фаоллари, нуронийлар зиммасида жуда катта масъулият турибди. Чунки аҳолининг аксарияти, кексалар, болалар, хотин-қизлар уйда ўтиришга мажбур. Уларнинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаш, тегишли тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатиш айнан ана шу ташкилотларга ва фаолларимизга боғлиқ.
– Барчамиз ҳамжиҳатликда, чуқур масъулият билан тизимли ишласак, бу оғир синовларни албатта енгамиз. Яна бир бор такрорлайман, бугунги кундаги энг муҳим талаб – барчамиз пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўрганишимиз шарт, – деди, жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев.