Ижтимоий тармоқлар орқали таҳририятга Қурбон Ҳайити кунлари сўйилиши ният қилинган қурбонликларнинг гўштини тарқатиш масаласида кўплаб саволлар келиб тушмоқда. Хусусан, қурбонлик гўштини тарқатиш учун автомобилда ҳаракатланиш мумкинми?
Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсовнинг маълум қилишича, жорий йил 31 июль, 1-2 август ҳамда 8-9 август (шанба ва якшанба) кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, яъни автотранспорт воситаларининг, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилади.
Таъкидланишича, мазкур чеклов махсус рухсатномалар асосида ҳаракатланадиган автотранспорт ҳамда Махсус комиссиянинг жорий йил 8 июлдаги қарори билан тасдиқланган махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган автотранспорт воситалари ҳаракатланишига нисбатан татбиқ этилмайди.
«Хурматли фуқаро, сизнинг ҳолатингизда, қилаётган савобли эҳсонингизни карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, маҳаллангиз раиси ва фаоллари ҳамкорлигида ҳамда ёрдамида ўзингиз яшаётган маҳалла худудида амалга оширишингиз мақсадга мувофиқ», – дейди Ғиёсов.
Аввалроқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали фатво ҳайъатининг карантин шароитида қурбонлик келтириш тартиби ҳақида батафсил маълумот берганди.