Пандемия шароитида мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020-2021 ўқув йили учун қабул имтиҳонларини очиқ майдонларда ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институтида қабул имтиҳонларини карантин талабларига қатъий амал қилиш, ижтимоий масофани сақлаш, абитуриентларнинг узоқ вақт бир жойда ўтириб қолишига йўл қўймаслик мақсадида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, қабул имтиҳонлари учта фандан иккита фанга ўтказилди, ижодий имтиҳонлар қисқартирилди. Қабул имтиҳонларини карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда очиқ майдонларда ўтказиш белгиланди.
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида кундузги ва модуль таълими йўналиши бўйича кириш имтиҳонлари қуйидаги саналарда ўтказилади:
Кундузги таълим:
- 2020 йил 7 сентябрь – “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фанлари (тест синови).
- Мандат 2020 йил 08 сентябрь куни эълон қилинади.
Модуль таълими:
- 2020 йил 08 сентябрь – Ихтисослик фанлар мажмуаси ва ижтимоий-гуманитар фанлар мажмуаси (тест синови)
- Мандат 2020 йил 09 сентябрь куни эълон қилинади.
Имтиҳонларни ўтказиш жойи – Ҳазрати Имом мажмуаси очиқ майдон қисми.
Абитуриентлар карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги тартибда қабул имтиҳонларига киритилади:
– дизенфекция тоннелидан ўтказилади;
– тана ҳарорати масофадан ўлчаш қурилмаси орқали ўлчанади;
– тиббий ниқоб, қўлқоп ва кепка билан таъминланади.
Абитуриентларни тест синовлари ўтказиладиган жойга киритиш эрталаб соат 6:00 дан 6:30 гача давом этади, 6:30 дан 7:00 гача саволлар китобчалари ва жавоблар варақасини тарқатиш, жавоблар варақасини тўлдириш тартиби тушунтирилади.
Тест синовлари эрталаб 7:00 дан 9:20 гача давом этади, тест синовлари бошлангандан кейин келган абитуриент имтиҳонларга киритилмайди.
Абитуриентлар қабул имтиҳонларига шахсини тасдиқловчи паспорти ва имтиҳонга кириш рухсатномаси билан келиши шарт. Мазкур ҳужжатлардан бири бўлмаган тақдирда абитуриент имтиҳонларга қўйилмайди.
Имтиҳонга кириш рухсатномаси qabul.muslim.uz портали орқали абитуриент томонидан чиқариб олинади. Ҳозирча порталда рухсатнома бериш хизмати ишга тушгани йўқ, тез кунларда ушбу хизмат йўлга қўйилади.
Эслатиб ўтамиз, қабул имтиҳонлари ўтказиладиган жойларда абитуриенталарнинг ота-оналари ва яқинлари учун алоҳида жойлар тайёрланмайди.
Ҳадис илми ва Мир Араб олий мадрасасида кириш имтиҳонлари қуйидаги саналарда ўтказилади:
Ҳадис илми мактаби бўйича:
- 2020 йил 3 сентябрь “Ҳадис ва мусталаҳ ал-ҳадис” (ижодий имтиҳон).
Имтиҳон ўтказиш жойи – Тошкент ислом институти биноси айвон қисми.
- 2020 йил 4 сентябрь “Ўзбекистон тарихи” (тест синови).
Имтиҳон ўтказиш жойи – Тошкент ислом институти биноси ҳовлиси.
Мир Араб олий мадрасаси бўйича:
- 2020 йил 10 сентябрь “Фиқҳ ва ақоид”, “Ўзбекистон тарихи” фанлари (тест синови).
Имтиҳон ўтказиш жойи – Мир Араб олий мадрасаси биноси очиқ айвон қисми.
Тошкент ислом институти матбуот хизмати
Assalomu alaykum va rahmatullohi va barakatuh men madrasada o‘qimaganman maktabni va kollejni bitirganman biroq ISLOM institutiga qiziqganim tufayli QUR‘ON xadis arab tili kabilarni o‘rganib kelmoqdaman madrasada o‘qish 4yil ekan meni esa bunga vaqtim yo‘q yoshim 20da shu tufayli ISLOM institutiga kirish imtihonlariga hujjat topshirsam bo‘ladimi?
Топширсин. Чунки ёшни хам инобатга олсак оила куриш оилани бокиш керак. Мадрасадаям укиса яна тўрт йилга узаяди. Шахсан ман шундай ўгил кизлар топшириши тарафдориман