❓Cавол: Иссиқ-совуқ бор нарсами? Агар бор бўлса, уни қандай қайтариш ёки умуман зарар етмайдиган қилиш мумкин?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳа, сеҳр бор нарса. Иссиқ-совуқ ҳам сеҳрнинг бир туридир. У замонамиз олимларидан Ваҳид Абдуссалом Баълий ҳазратларининг “Сеҳр ва жодудан сақланиш йўллари” китобида қуйидагича таърифланади: “Тафриқ сеҳри – эр-хотинни бир-биридан ажратиш, совутиш ва улар орасига душманчилик солишдир”.
Мусулмон одам сеҳр ва бошқа зарарли таъсирлардан сақланиши, ҳимояланиш учун аввало сеҳр билан шуғулланадиган кишилардан узоқроқ юриши керак. Кейин эса барча гуноҳлардан сақланиши керак. Зоҳирий ва ботиний пок бўлиши керак. Зоҳирий покликка доим таҳоратли бўлиш, беш вақт намозни ўз вақтида ўқиш кирса, ботиний покликка ҳасад, ғийбат, адоват каби маънавий иллатлардан тийилиш киради.
Бундан ташқари сеҳрдан сақланишда Қуръони каримни тиловат қилиш ёки уни тинглаш, Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган зикрларда бардавом бўлиш ҳам фойдалидир.
Хусусан, Набавий таълимотда “Фотиҳа”, “Оятал курси”, “Фалақ”, “Нас”сураларини эрталаб ва кечқурунда уч маротабадан ўқишни одат қилиш, умуман кўп Қуръон ўқиш ва эшитиш жин ва шайтонларнинг ёмонлигидан сақланишда энг самарали усуллардан биридир. Бу ҳақда Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига “Қул ҳуваллоҳу аҳад”, “Қул аъуузу бироббил фалақ” ва “Қул аъузу бироббиннаси” сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар” – дейилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar
Сехрни ўзига қайтариш учун нима қилиш керак