Савол: Инсон эркакдан аёлга ёки аксинча, аёлдан эркакка жинсини ўзгартиришга Ислом дини қандай муносабат билдиради?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ҳеч бир киши ким бўлишидан қатъий назар ўз жинсини эркакдан аёлликка ёхуд аёлдан эркакликка ўзгартиришга, Аллоҳ яратган хилқатини ўзгартиришга ҳаққи йўқдир. Балки, ҳар бир инсон Аллоҳ таоло ўзини яратган хилқатга рози бўлиши лозимдир. Ҳозирги кунда баъзи фитрати бузуқ кимсалар томонидан турли важларни баҳона қилиб, ўз жинсларини ўзгартиришга уринишлари – Ислом шариатида қатъийян ҳаром қилинган жирканч бир ишдир. Қолаверса, у нафақат ушбу одат авж олаётган миллат ва халқнинг, балки, инсониятнинг шаънига исноддир.
Пайғамбаримиз даврларида баъзи аёллар Аллоҳ йўлида жиҳод қилишни истаб, эркак киши бўлишларини орзу қиладилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу ҳолатдан огоҳлантириб, қуйидаги оятни нозил қилади: “Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирор неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар. Аллоҳнинг фазлидан сўрангиз. Албатта, Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир” (Нисо сураси, 32-оят).
Ушбу ояти карима орқали баъзи аёлларнинг Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиш умидида ўзларини эркак бўлишларини орзу қилишдан қайтарилмоқда. Ваҳоланки, бу ўша пайтдаги бир орзунинг ўзи халос эди. Агар ушбу орзу нафсу ҳаво йўлида ҳаракатга айланса ёки амалда ушбу ишга қўл урилса, бундан батариқа авло қайтарилгани келиб чиқади.
Ислом уламолари бир оғиздан: “Эркаклик ва аёллик аъзолари тўлиқ бўлган шахсларни бир жинсдан иккинчи жинсга айлантириш мутлақо мумкин эмас. Бундай ишни қилишга уринишнинг ўзи уқубатга лойиқ жиноятдир”, дейдилар. Чунки бу, Аллоҳ яратган нарсани ўзгартиришга уринишдир. Шайтон инсонларга Аллоҳ таоло яратган нарсаларни ўзгартиришга буюради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейди:
لَعَنَهُ اللَّهُ وَقَالَ لَأَتَّخِذَنَّ مِنْ عِبَادِكَ نَصِيبًا مَفْرُوضًا وَلَأُضِلَّنَّهُمْ وَلَأُمَنِّيَنَّهُمْ وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُبَتِّكُنَّ آَذَانَ الْأَنْعَامِ وَلَآَمُرَنَّهُمْ فَلَيُغَيِّرُنَّ خَلْقَ اللَّهِ وَمَنْ يَتَّخِذِ الشَّيْطَانَ وَلِيًّا مِنْ دُونِ اللَّهِ فَقَدْ خَسِرَ خُسْرَانًا مُبِينًا
“Аллоҳ уни (шайтонни) лаънатлади. (У) деди: «Албатта, бандаларингдан белгиланган (маълум) улушимни олурман, уларни адаштираман, уларни ҳою ҳавасга чўктираман. Уларга буюраман – ҳайвонларнинг қулоқларини кесадилар. Уларга буюраман – Аллоҳнинг яратганларини ўзгартирадилар». Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо сураси, 118-119 оятлар).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
يلعن المتنمصات والمتفلجات والموشمات اللاتي يغيرن خلق الله. (رواه الامام احمد)
яъни: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом қош тердирувчи, тишларини орасини очувчи, баданига игна билан расм чиздирувчи; Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчи аёлларни лаънатлаганлар” (Имом Аҳмад ривоятлари).
Лаънат бу – Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлишдир. Аллоҳ таоло лаънатлаган кимсани фаришталар ҳам лаънатлайдилар. Аллоҳ лаънатлаган бандага икки дунёда ҳам “қалбининг тозалиги” ёрдам бера олмайди.
Агар бирор шахсда аёллик ва эркаклик аломатлари жамланиб қолган бўлса, бунинг ҳукми ўзгачадир. Бунда унинг ғолиб тарафига қаралади. Яъни, кимда эркаклик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб эркаклигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади. Кимда аёллик ғолиб бўлса, уни тиббий йўл ила даволаб аёллигига етган шубҳани йўқотиш жоиз бўлади. Бу нарса беморлик деб эътиборга олинади ва жарроҳлик йўли билан бўладими ёки гормонлар билан бўладими даволанишга рухсат берилади.
Лекин ҳеч қандай жисмоний касалликка учрамаган ҳолда жинс ўзгартириш бузуқлик ва ерда фасодни тарқатиш ҳисобланади ва бундайларга Аллоҳ таолонинг лаънати бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.
Assalomu alaykum! Juda chiroyli, sodda va ravon tushuntirib beribsiz. Alloh xayrli ishlaringizda madadkor boʻlsin