Савол: Баъзилар мавлид қилиш бидъат, дейишмоқда. Бу ҳақда Ислом уламолари нима дейишган?
💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Мавлид ойи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаётларини, муборак сийратлари ва суннати санийяларини янада чуқурроқ ўрганиш ойидир. Бу ойда ҳам, бундан кейин ҳам биз, мўмин-мусулмонлар, ҳар бир ишда, ҳар бир амалда У зотнинг суннатларига мувофиқ йўлда юришимиз, У зотга эргашишимиз зарур.
Аслида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мавлидларини биринчи бўлиб нишонлаган зот – Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Ўзларидир. Имом Муслим Абу Қатода разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтадилар: “Набий алайҳиссаломдан душанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашди. Шунда У Зот: “Ўша кунда мен туғилганман ва шу кунда менга (ваҳий, пайғамбарлик) нозил бўлган”, – дедилар. Ушбу ҳадиси шариф Пайғамбаримиз алайҳиссалом душанба куни туғилганликлари ва шу кунда пайғамбарлик ато қилингани муносабати билан рўза тутганликларига далолат қилади.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини нишонлаш ва бунда хурсандчилик қилишни ўзига яраша шаръий далиллари, асослари ҳамда манфаатлари бор. Мусулмон уммати тақрибан минг йилдан буён уни нишонлаб келмоқда. Ислом умматининг таянчи бўлган бир қатор уламолар уни яхши амал санашган.
Уламоларимиз: “Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг “Мусулмонлар яхши санаган нарса Аллоҳ наздида ҳам яхшидир”,– деган сўзлари айнан мавлидга мос тушади”, – дейдилар. Биз кўпчилик уламоларнинг, шу жумладан, юртимиз уламоларининг фикрларини ушлашимиз ва ихтилофга ўрин бермаслигимиз лозим бўлади. Зеро, мавлиддан кўзланган мақсадларга эришишга мусулмонлар бугун ҳар доимгидан кўра кўпроқ муҳтождирлар.
Ал-Ҳофиз Абдурраҳим ал-Ироқий айтадилар: “Зиёфат ташкил этиш ва муҳтожларга таом улашиш ҳар вақтда ҳам яхши саналган амаллардандир. Айниқса, бу муборак ойда унга Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг нурлари зоҳир бўлганлиги туфайли шоду ҳуррамлик улашилса қандай ҳам яхшидир. Унинг бидъат эканлиги макруҳ бўлишига сабаб бўлолмайди. Зеро, қанчадан қанча яхши бидъатлар борки, уларга амал қилиш вожиб даражасига чиққандир” (Манба: “Шарҳу мавоҳибул-ладунийя” китоби).
Ҳофиз Суютий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Менинг наздимда аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилингач тарқалиб кетиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки, бунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).
Асрининг Ҳофизи бўлмиш Шайхул Ислом Абул Фазл Аҳмад ибн Ҳажар Асқалонийдан мавлид ҳақида сўралганда қуйидаги жавобни берганлар: “Мавлиднинг асли бидъат бўлиб, у ҳақида аввалги уч асрдаги салафи солиҳлардан ҳеч нарса нақл қилинмаган. Лекин, шу билан бирга бу иш яхшиликларни ва унга зид бўлган нарсаларни ўз ичига олгандир. Бас, ким яхшиликларини олиб, ёмонликларидан четда бўлса, бидъати ҳасана бўлади. Ким ёмонликларидан четланмаса, яхши бўлмайди” (Манба: “Ҳуснул мақсид фи амалил мавлид” китоби).
Ибн Обидин айтадилар: “Билингки, Набий алайҳиссалом таваллуд топган ойда мавлиди шариф ўтказиш яхши бидъатлардандир” (Манба: “Шарҳу ибн Обидийн ала мавлиди ибн Ҳажар” китоби).
Хулоса қилиб айтганда, Набий алайҳиссаломнинг таваллудларини нишонлашнинг жоиз эканига Ислом олами забардаст уламоларининг кўплаб ижобий фикрларини келтириш мумкин. Айниқса, дунёнинг баъзи жойларида Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак шаъниларига нисбатан қасддан одобсизликлар амалга оширилаётган бир пайтда, У зотнинг сийратларини, суннатларини, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати.