islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Исо алайҳиссалом борасидаги эътиқодимиз

❓Cавол: Халқ орасида Исо алайҳиссалом ҳақида турли эътиқодлар юради, аслида бу борада мусулмон кишининг эътиқоди қандай бўлиши керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси ва расулидирлар. Аллоҳ таоло деди: “Эй аҳли китоблар, динларингизда ҳаддан ошманглар, Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқасини айтманглар. Масиҳ Исо ибни Марям Аллоҳнинг пайғамбари, Унинг Марямга ташлаган калимаси ва У яратган руҳдир” (Нисо, 171-оят).
Одам алайҳиссалом ота ва онасиз туғилгани каби Исо алайҳиссалом ҳам отасиз туғилганлар. Оли Имрон сурасида бундай дейилган: “Исонинг Аллоҳ ҳузуридаги мисоли худди Одамники кабидир: уни тупроқдан яратиб, сўнгра: «Бўл!» деди ва у бўлди”. Исо алайҳиссалом қавмини ёлғиз Аллоҳга унга шерик қилмай ибодат қилишга чақирди. Қавмини соғлом ақида ва юксак ахлоқларга тарғиб қилди. Аллоҳ айтади: “Аллоҳ, албатта, менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Унга қуллик қилинглар: тўғри йўл шудир!”.
Исо алайҳиссалом Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбар бўлиб келиши ҳақида башорат берганлар. Қуръони каримда у кишининг номидан: “…ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман…”, дейилган.
Исо алайҳиссалом хочга михланмади ҳам, ўлдирилмади ҳам, балки Аллоҳ уни ўз ҳузурига кўтариб олди. Аллоҳ таоло айтганидек “Эй Исо, Мен сени олувчиман ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман”, (Оли Имрон, 55-оят). Шунингдек, яна бир жойда марҳамат қилади: “Биз Аллоҳнинг пайғамбари Исо Масиҳ ибн Марямни ўлдирдик», дейишгани учун жазоладик. Ваҳоланки, уни ўлдиришмаган ҳам, осишмаган ҳам, уларга шундай туюлди. Талашиб-тортишганлар унинг тўғрисида шубҳада қолишган. Бу ҳақда маълумотлари йўқ, фақат гумонга суянишади. Уни ўлдирмаганлари аниқ! Балки Аллоҳ уни ҳузурига кўтарган, Аллоҳ буюк ва ҳикматлидир”. (Нисо, 157-158-оятлар).
Охир замонда Исо алайҳиссалом қайтиб тушадилар ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг шариати бўйича ҳукм қиладилар. Хочни синдирадилар ва чўчқани ўлдирадилар ҳамда жизяни бекор қиладилар. Каззоб Дажжолдан интиқом оладилар. Сўнг Исо алайҳиссалом ер юзида вафот этиб, дафн қилинадилар.
Қиёмат кунида барча одамлар маҳшарга ердан тирилтириб чиқарилгани каби у ҳам ердан чиқиб келади. Чунки юқорида айтилгани каби Исо алайҳиссалом ерга дафн қилинган бўладилар. Аллоҳ таоло айтади: “Биз сизларни ундан (ердан) яратдик, унга қайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бошқатдан ундан чиқарурмиз”. (Тоҳа, 55-оят). Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar

210660cookie-checkИсо алайҳиссалом борасидаги эътиқодимиз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: