Фанлардан ўз вақтида баҳо олмаган талабалар учинчи семестр учун қўшимча маблағ тўлайди
Бу ҳақда АОКАдаги матбуот анжуманида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Абдували Холиков маълум қилди.
«Олий таълим муассасаларида таълим жараёнини кредит-модел тизимида ташкил этиш ишлари 2020-21-ўқув йилидан жорий этиб келиняпти.
Асосий ўзгаришлар — илгари ўқув ҳафталари 38-40 ҳафта атрофида бўларди. Кредит-модел тизими жорий этилгач, бу муддат 36 ҳафтага тушди. Соддароқ қилиб айтганда, академик дарс жараёнлари 10 ойдан 7,5-8 ойга туширилди.
Талаба бир семестрда 15 ҳафта таҳсил олади. Агар бир семестрга 18 ҳафта ажратилган бўлса, унинг икки ҳафтаси талабалар учун ўзлаштирилмаган фанларини ўзлаштиришга, яна бир ҳафтаси янги фанлар ҳамда ўқитувчиларни танлашга сарфланади.
Яна бир муҳим жиҳати — учинчи, ёзги семестр ҳам қўшилган. Бу — таътил даврига тўғри келади ва талабаларнинг аризасига кўра, фанлардан баҳо олмаганлар учун ташкил этилади. Учинчи семестр учун ариза берган талабалар белгиланган тартибда қўшимча маблағни амалга оширади.
Ҳозирча бу тизим бўйича саволлар бўляпти, аммо уч йилдан сўнг барча бу тизимга тўлиқ мослашади», — деди Холиқов.
Талабаларнинг рейтинг дафтарчаси, қайд варақаси, ўқитувчилар дарс режаси ҳамда журнали тўлиқ электрон шаклга ўтади
Абдували Холиков, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқарма бошлиғи:
«Олий таълим муассасаларида таълим жараёни тўлиқ кредит-модел тизимига ўтгач, барча ишлар электрон шаклга ўтказилади. Рейтинг дафтарчаси, талабаларнинг қайд варақаси, ўқитувчилар дарс режаси, журнали ҳамда талабалар журналини юритишда қоғоз кўринишидан бутунлай воз кечилади.
Электрон шаклда баҳолар бўйича ҳам шаффофлик яратилади. Ўқитувчи баҳоларни қачон қўйиши, қандай асосларга кўра баҳоланиши аниқ бўлади ва белгиланган муддат ўтгач, ўқитувчи баҳони ўзгартиришига имкон бўлмайди. Ҳаттоки қайсидир сабаб билан ўзгартирилса ҳам бу ҳақдаги маълумотларни сақлаб қоладиган тизим яратилмоқда».
Эслатиб ўтамиз, Тошкент ислом институтининг 1-курс талабалари учун кредит-модел тизимини жорий қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
ТИИ Матбуот хизмати