❓Савол: Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадис саҳиҳ бўлса, у менинг мазҳабимдир”, деган сўзларини шарҳлаб беринг. Сохта салафийларшу гапларни далил қилиб қаерда саҳиҳ ҳадис бўлса, ўшанга амал қилиш керак, деб гапириб юришибди.
ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Кўпчилик олимлар бу жумлани: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса ва унга зид келувчи ҳадисдан холи бўлса, у менинг мазҳабимдир”, деб тушунилади дейдилар. Яна бу Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисларни қиёсдан устун қўйганига далилдир. Лекин бу сўз ижтиҳодга лаёқати йўқ киши қаерда саҳиҳ ҳадис кўрса, ундан ҳукм олиши жоиз дегани эмас.
Энг муҳими, мужтаҳид даражасига етмаган шахс оят ва ҳадислардан ўзича ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқ. Битта саҳиҳ ҳадисни ўқиб у билан ҳукм чиқарилмайди, чунки баъзи ҳадислар саҳиҳ бўлсада кейинчалик мансух (бекор) бўлган бўлиши мумкин ёки унга маънода зид келувчи ҳадис ҳам бўлиши мумкин. Саҳиҳ ҳадис китобларига илмий омонат сифатида мансух ҳадислар ҳам киритилган. Ҳукм олинадиган ҳадисларни мужтаҳид уламолар саралаб олганлар.
Мужтаҳид олимлар ҳадислардан қандай ҳукм чиқарганларини Имом Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи маонил осор” номли китобларида кўрсатиб берганлар. Яъни, бир мавзудаги барча ҳадисларни бир жойга тўплаб, уларни саралаб, таққослаб, таҳлил қилиб охирида мужтаҳид уламоларимизнинг улардан чиқарган ҳукмларини келтирганлар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво ҳайъати. @diniysavollar