islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

«Арбаъин» ҳадисхонлик танловида 10 яшар қиз ғолиб бўлди

6–7 феврал кунлари «Ҳилол-нашр» нашриёти мажлислар залида ҳадисхонлик танлови ташкил этилди. Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги арафасида ўтказилган танлов мутафаккирнинг қирқ ҳадис тўплами – «Арбаъин»ни билиш кўникмасига асосланди.

Islom.uz портали томонидан ташкил этилган танлов аёллар ва эркаклар учун алоҳида ташкил этилди. Иштирокчиларни жамоатчилик вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид «Арбаъин»ни ўрганишнинг аҳамияти ҳақида тўхталди.

«Арбаъин» – 40талик дегани. Унда саҳиҳ ҳадисларнинг 40таси жамланади. Расулуллоҳ бир ҳадисларида: «Умматимдан қайси бирлари ҳадисларимдан қирқтасини ёд олиб, бошқаларга етказса, қиёматда унга шафоатчи бўламан, у фақиҳ ўлароқ тирилади», деганлар.

Бутун тарихда уламолар «Арбаъин» ёзишга шу ҳадисдан илҳом олишган. Улар ичида таржима қилинганлари, назмийлари ҳам бор. Абдураҳмон Жомий ҳам форс тилида «Арбаъин» ёзди. Оз фурсатдан сўнг Алишер Навоий Жомий танлаган бу 40 ҳадисни ўзбек тилига таржима қилиб, уларни тўртликлар билан ифодалаган», – деди Ҳасанхон Қори.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Танловни ўтказишга Ўзбекистон бўйлаб Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги нишонланаётгани туртки бўлган бўлиб, бунда Навоий ижоди билан аҳолини, хусусан, ёшларни яхшироқ таништириш мақсад қилинган.

«Биз ҳам ҳисса қўшиш ниятида Islom.uz портали номидан танловни ташкил қилдик. Жуда ҳам кўп – 2000 нафар иштирокчи хайрихоҳ бўлиб, қатнашиш истагини билдирди. Ҳам ҳадис, ҳам унга изоҳ ўлароқ ёзилган тўртликни ёддан айтиб бериш кераклигини айтганимизда ҳам салкам 100 нафар қатнашчи тайёрлигини маълум қилди. Яна ҳам қувонарли жиҳати, иштирок этиш истагини билдирганларнинг ярми – аёллардир.

Асардаги ҳар бир ўнликдан биттадан – жами тўртта ҳадис матни ва унга Навоий битган тўртлик сўралади. Уларни ёддан ифодали айтиб бера олиш маҳоратига қараб баҳоланади», – деди Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Танлов икки йўналишда ўтказилди. Биринчи йўналиш иштирокчиларидан ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва Навоийнинг тўртликларини ифодали ўқиб бериш сўралди.

Иккинчи йўналишда эса ҳадисларнинг арабча матни ва ўзбекча таржимасини, ҳадис ровийсини айтиш ҳамда тўртликни ифодали ўқиб бериш сўралди.

Ҳар икки йўналишда ҳам иштирокчилар билет танлади ва ундаги 4 тадан саволга жавоб берди.

Танловнинг энг кичик ёшдаги қатнашчиларидан бири, тошкентлик Тоҳирахон Аббосова иккинчи йўналиш бўйича аёллар ўртасида олий ўринга муносиб кўрилди.

Тоҳирахон Аббосова

«Танловда биринчи бўлиб саҳнага чиқаман деб ўйламагандим. Аллоҳга шукр, яхши айтиб бердим. 3 кунда 20та ҳадисни ёд олдим. Танловдан кейин ҳам яна ҳадислар ёдлашда давом этаман», – дейди 10 ёшли ғолиб.

Тоҳирахонга Мусҳаф, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг «Тафсири Ҳилол» китоблари, «Ҳилол» журнали, диплом ва эсдалик совғалар топширилди.

Биринчи йўналиш: ҳадиснинг ўзбекча таржимаси ва арабча матни ҳамда ровийлари, шунингдек, тўртликларни ифодали ёд олган ҳолда айтиб бериш йўналишида Тоҳирахон Аббосова биринчи, Гўзалой Алишерова иккинчи ҳамда Оиша Мирзажонова учинчи ўринларга эга чиқишди.

Иккинчи йўналиш: ҳадисларнинг ўзбекча таржимаси ва тўртликларни ифодали ёддан айтиб бериш йўналишида аёллар ўртасида Маҳлиё Шуҳратова биринчи, Шабнам Ғаниева иккинчи ҳамда Маҳфуза Мамажонова учинчи ўринни қўлга киритди.

Эркаклар ўртасида 1-йўналиш бўйича Ҳабибуллоҳ Ўринбоев биринчи, Исфандиёр Шокиржонов иккинчи ва Нодир Муродиллаев учинчи ўринларни қўлга киритган бўлса; 2-йўналиш бўйича Абубакр Баратов ғолиб, Қурбон Исматов иккинчи ҳамда Достонбек Султонов учинчи ўринларга муносиб кўрилди.

Барча ғолиб ва совриндорларга, шунингдек, иштирок этганларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалар топширилди.

6–7 феврал кунлари дастлаб аёллар, сўнг эркаклар ўртасида ташкил этилган танловда энг яхши деб топилган иштирокчилар совғалар билан тақдирланди.

Саодат Абдураҳмонова, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Жамшид Абдиев

216720cookie-check«Арбаъин» ҳадисхонлик танловида 10 яшар қиз ғолиб бўлди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: