Аллоҳ таоло инсониятни энг гўзал суратда яратган, ҳамда унга ҳар хил неъматларни беҳисоб берган. Ўз навбатида ана шу неъматларининг шукрини адо қилиб борига буюрган. Яратган зотнинг неъматларини катта-кичик демасдан, уларни шукронасини қилиб ҳаёт кечиришимиз зиммамиздаги бурчимиздир. Бу борада бизга Пайғамбар алайҳиссаломларнинг шукрлари бизга ўрнак бўлади.
Барча Набий ва Расул алаҳиссаломлар ҳам Аллоҳнинг шукр қилгувчи шокир бандалари эдилар. Набий ва Расул алаҳиссаломларнинг шукри ҳақидаги сўзларни ичига олган Қуръоний далилларда қарор топган маълумотлардан маълум бўладики, Қуръони карим сўзлари Пайғамбарларни сифатлашда Аллоҳ таолога нисбатан очиқ-ойдин шукр қилувчилардан бўлганларини етарли даражада кўрсатиб берган.
Нуҳ алайҳиссаломнинг шукри: Қуръони карим Аллоҳ таолонинг ер аҳлига юборган аввалги расули Нуҳ алайҳиссаломни кўп шукр қилувчи банда дея сифатлаб ҳикоя қилади. Аллоҳ таоло: “(Эй) Биз (ғарқ бўлишдан қутқариб) Нуҳ билан бирга (кемада сув узра) кўтариб нажот берган кишиларнинг зурриётлари! Албатта, у (Нуҳ) кўп шукр қилувчи банда эди” (Исроо сураси, 3-оят мазмуни) деди.
Нуҳ алайҳиссалом кўп шукр қилувчи банда сифатига ҳақлидир. Чунки у Аллоҳ азза ва жаллага ҳар бир ҳолатда, барча неъматга, таомга, ичимликка, кийимга ва бошқа неъматларга ҳамд айтар эди (Ибн Атия. Муҳарирул важиз фи тафсирил китобил азиз). Бу ерда Аллоҳга ҳамд айтишнинг фазилати баён бўлади. Ҳамд ҳар бир шукр қилувчининг сўзидир. Неъматга ҳамд айтишнинг барчаси шукрдир. Аллоҳ таоло ўзининг олий зотини Ҳамид, яъни ҳамд айтилган, мақтовга сазовор, деб номлаган. Ҳамд айтиш Набий алайҳиссаломларнинг умумий йўли бўлган.
Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла набийси Нуҳ алайҳиссаломни шукри кўп, деб сифатлади. Шукр қилиш яхшилик ва неъматларни ҳосил қилишга эришишнинг энг катта сабабларидан бири эканлигини, ҳамда яқин тутишнинг энг афзали эканини кўрсатиб уни аввалгиларига сабаб қилиб кўрсатган. Шунингдек, зурриётини Аллоҳга шукр қилишга қизиқтирган (Шавконий. Фатҳул қодир).
Тошкент ислом институти
Махсус сиртқи 3-курс талабаси,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими Қ. Маҳмудов