Қардош халқлар уламолари муборак қадамжоларни зиёрат қилишди
Бугун, 15 март куни Самарқанд вилоятида “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусида ўтказиладиган халқаро анжуманда қатнашадиган Тожикистон ва Афғонистон делегацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришган. Мартабали меҳмонларни мамлакатимиз Диний соҳа раҳбарлари юқори даражада кутиб олдилар.
Юртимизга келган Афғонистонлик меҳмонлар дастлаб Имом Термизий мажмуасига ташриф буюриб, у кишининг мақбараларини зиёрат қилдилар. Шундан сўнг делегация вакиллари Термиздан Самарқанд шаҳрига етиб келдилар.
Юртимиз Диний соҳа вакиллари ҳамрохлигида Тожикистон ва Афғонистон делегацияси Самарқанд шаҳридаги диққатга савовор жойларни, жумладан, Регистон майдони, Гури амир мақбараси ҳамда Шоҳи Зинда мажмуасини зиёрат қилишди.
Зиёрат давомида Қуръон тиловат қилиниб, хайрли дуолар қилинди. Меҳмонларга муборак қадамжолар, уларни обод қилиш ва келгуси авлодга бус-бутун етказиш бўйича юртимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг уч қардош халқ уламолари “Шоҳи Зинда” жоме масжидида пешин намозини ўқишиб, жамоат билан хайрли дуолар қилдилар.
Юртимиз меҳмонлари Имом Бухорий маркази ва Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди
Шуингдек, меҳмонлар Самарқанднинг диққатга сазовор тарихий обидалари ва замонавий иншоотларига саёҳат қилдилар. Жумладан, Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишди, Қуръон тиловат қилиниб, буюк муҳаддис бобомиз ҳақига бағишланди.
Шундан сўнг меҳмонлар Ҳадис илми мактаби ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида талабалар ва илмий тадқиқотчи олимларга қилинган шароитлар ва илмий-тадқиқот ишлари билан танишди.
Дастлаб меҳмонлар Ҳадис илми мактабидаги шароитларни кўздан кечиришди. Мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва келажакда кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими ва мутахассислик, ўқув режасидаги фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби ҳамда уни ислом оламидаги нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги, ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида уламолар талаба-ёшлар билан суҳбат қуришди, уларга илмий савол беришди. Талабаларнинг мавзунинг моҳиятини яхши англаган ҳолда, аниқ, лўнда ва тезда берган жавобидан мамнун бўлишиб, уларнинг билим ва малакасига таҳсин айтишиб, албатта, ушбу олийгоҳдан келажакда яна Имом Бухорий, Имом Термизий каби уламолар етишиб чиқишига ишонч билдирдилар.
Шунингдек, қардош халқлар уламолари таълим сифатини янада ошириш учун ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, қўшимча ўқув дарсликларини ўқиш бўйича тавсиялар бердилар.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида бўлган меҳмонлар бу ерда илмий-тадқиқотчиларга қилинган шароит, амалга оширилган хайрли ишлар билан танишиш асносида марказнинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотларга эга бўлишди.