islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

“Чириган тушунчалар” ортидаги низолар: қиз болани мустақил ҳаётга тайёрламай узатамиз, бечора эрнинг эса турар жойи йўқ…

Нотинч бўлган, ажрим ёқасига келиб қолган, умуман шунга ўхшаш носоғлом оилалар (уй-жойлар)дан мажбур бўлиб чиқиб кетган ёки чиқариб юборилган ё аразлаб кетиб, сўнг қайтиб келолмаган, қайтиб келса, келин бўлиб тушган уйига киритилмаган аёллар ҳақида албатта кўпчилик эшитган.

Чунки, улар ҳам кимнингдир синглиси-опаси, қариндоши, қўшниси, синфдоши, касбдоши умуман олганда, таниш-билиши, қисқаси улар ҳам бегона эмас – юртдошларимиздир.

Биз буни пинагимизни ҳам бузмай, «ҳа оиласи бузилиб келибди, энди болалари билан қаерга сиғади, уларни ким боқади?» деймиз. Агар шундай деб ғийбат қилмасак, албатта…

Хом ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳри ва республика вилоятларининг марказий шаҳарларида ана шундай аёлларнинг фақатгина 3 % фоизига яқини, қишлоқ туманларида эса 0,5 % фоизи болалари билан бирга келин бўлиб тушган уйига киритиб қўйиш ҳақида судларга даъво қилади.

Умумий ҳолатда оила-никоҳ низоларида кучли биринчиликни алиментга оид даъволар, иккинчи ўринни никоҳдан ажратишга оид низолар эгалласа, топ учталикни юқорида баён этилган болалари билан бирга уйга киритиб қўйиш ҳақидаги даъволар якунлаб беради.

Шунингдек, бундай даъволарга қарши даъволар ёки уларни уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш, уларни ушбу уйлардан кўчириб юбориш тўғрисида даъволар эгаллайди.

ТАСАВВУР ҚИЛГАНМИСИЗ?

Норасида болалари билан борадиган, яшайдиган уй-жойи ва имконияти йўқ аёлларни, чорасизликдан ўша нотинч оилага (уй-жойга) бўлса ҳам киритиб қўйиш учун судда жон ҳолатда тортишаётган, ўз ҳуқуқларини талаб қилаётган аёлларни ҳамда уни ва болаларини уйга киритмаслик учун ҳар қандай чорани кўришга тайёр эр, қайнона-қайнота, қайинсингил-қайинопа, қайинака-қайинукаларни ҳеч тасаввур қилганмисиз?

Қолаверса, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини таҳлил қилсак, бунга асосий омиллардан рашк мотивидан кейинги ўринни уй-жойи ва борадиган жойи бўлмаган вазиятдаги аёллар ташкил этади.

Илғор давлатларда эса, ёшлар ота-онасининг орзу-ниятлари асосида тезроқ оила қуришга эмас, вояга етибоқ катта ва мустақил ҳаётни ўрганишга, бировнинг кўмагисиз яшашга, ҳеч бўлмаса шунга ўзини тайёрлашга уринишади.

Никоҳдан ажраган ёки ажрашаётган ёш аёлларнинг вояга етмаган болалари билан бирга уйга киритиб қўйиш ҳақида судга бераётган даъволарнинг асослари, уларнинг келиб чиқиш сабаб-омиллари ва бу каби низоларнинг олдини олиш юзасидан бир-икки таклифларни ўртага ташласак, фойдадан ҳоли ёки ёмон бўлмайди.

УЙГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА СУДГА БЕРИЛАЁТГАН ДАЪВОЛАРНИНГ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси “Уй-жой кодекси”нинг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар.

Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Демак, қисқа ва содда қилиб айтганда, хотин уйга киритиб қўйишни сўраши учун ўша низоли уй эр-хотиннинг биргаликдаги мулки, яъни никоҳлари даврида олинган бўлиши ёки уй, квартира мулкдорининг оила аъзоси, шунингдек у билан доимий яшаётган ё шу уйдан фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритган бўлиши керак.

УЙГА КИРИТИБ ҚЎЙИШ ҲАҚИДА НИЗОЛАРНИНГ КЕЛИБ-ЧИҚИШ САБАБ-ОМИЛЛАРИ

Никоҳдан ажрашиш ва аёлни фарзандлари билан бирга ота уйига кузатиб қўйиш, агар ота уйи бўлса ёки у уйга сиғса, туғилиб ўсган ўз уйига ҳам сиғмагандан кейин судга даъво киритиши табиий, бошқа чораси ҳам йўқ.

Агар аввал бошдан никоҳдан ўтувчиларнинг жуда катта қисмини ўз мол-мулкига (кўчмас) ёки уй-жойга эга эмаслигини тан олсак, бир ҳақиқат аён бўладики, кўпгина оилалар яхши бўлиб кетар деган ўйда, яхши ниятлар асосида қурилади ёки опа-сингилларимизни ҳаётга ўзимиз таваккал кузатамиз.

Хуллас, оиласи бузилиши ва қайтиб келиши мумкин бўлган вазиятларни ҳисобга олмай, бундай ҳолатларда лозим тайёргарлик, шарт- шароитларни яратиб қўймай ё уларни уйсиз қолган вазиятда яшаши учун муқобил турар жой йўқлигини билсак ҳам, яхши ниятда шоша-пиша, мустақил ҳаётга тайёргаликни яратмай, тезроқ узатишим керак, деган қотиб қолган, чириган ақидалар асосида, кўп ҳам бош қотиришни ёқтирмайдиган миямиздаги ана шундай»доминант» фикрда уларни ўзимиз узатиб юборамиз.

Оила бошлиғи, яъни, бечора эрнинг эса, ўз хотини ва болалари билан бир оила бўлиб яшаши учун шахсий ёки доимий яшаши учун турар жойи йўқ. Унинг ўзи ҳам ота-онаси ва ака-ука, опа-сингиллари томонга ўтиб, хотин ва вояга етмаган болаларни уйдан ҳайдашга мажбур. Чунки, у оила яшаётган турар жой эрнинг ота-онаси ва бошқа яқин қариндошларига тегишли. Хотин (келин)нинг уйдан чиқарилиб юборилишига ҳам айнан мана шу низоли уй-жой бу оиланинг ўзига тегишли бўлмагани асосий омиллардан биридир.

ЧОРА-ТАДБИРЛАР…

Уйга киритиб қўйиш ҳақида низоларни камайтириш учун қуйидаги чора-тадбирларни кўриш муҳим:

Ўзбекистон республикаси “Оила кодекси”да белгилаб қўйилган никоҳ шартномаси ҳуқуқидан кенгроқ фойдаланиш, бизнинг қонунчиликдаги никоҳ шартномамиз шундоқ ҳам кўп масалани қамраб олмайди, фақатгина, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви ҳисобланади. Яъни агар амал қилинса, аёл болалари билан кўчада қолмаслиги мумкин.

Айни пайтда бозор иқтисодиёти қоидалари амал қилаётган бошқа жамиятлар каби, юртимизда умрбод, доимий, эгаликка бериладиган ижтимоий уйлар ва ижара уйларни кўпайтириш, бу борада ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан давлатнинг илмий ва ҳаётий тажрибага асосланган Дастурини йўлга қўйиш долзарб вазифалигича қолмоқда.

Албатта бу борада давлатимиз раҳбари жорий йил 3 март куни уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда якка тартибдаги уй-жой қуриш учун 500 тагача – жами 6,5 мингта оилага кредит берилади.

Оғир турмуш шароитига тушиб, бошпанасиз қолган мингта оила, айниқса, аёлларга ижара асосида ижтимоий уй-жойлар ажратилиши ҳақида кўрсатма берилди ва шу мақсадда ҳар бир ҳудудга хусусиятидан келиб чиқиб, 10 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ёш оилалар ва муҳтож аёллар учун ижтимоий уй-жойлар ва ижтимоий ижара уй-жойлар қуришни кўпайтириш бўйича, қурилаётган уй-жойлар таннархини кескин туширишга кўрсатма берилди.

Кейинги ўта долзарб масала эса, энди бу борада қарашларни ўзгартиш вақти келди. Хусусий мулк, кўчмас мулк, оила мулки, бозор иқтисодиёти шароити нималигини англаб етиш, барча шароитни давлат яратиб беради, кўп бўлмаса, қарз-кредит олармиз, аввал орзу-ниятларни қилиб олайлик, қиз узатайлик, ўғил уйлайлик, шулардан қутилайлик қолгани бир гап булар деган эскича ва ночор фикрдан воз кечиш даркор.

Фарзандларни мустақил ҳаётга тайёрлаш устида улар жуда ёшлигидан бошлаб бош қотириш, шунга ҳаракат қилиш, чойхона, гап-гаштак, катта-катта тўй-тантана фақатгина шу мақсад учун маблағ тўплаш сарфлаш каби ҳали жуда кўплаб сақланиб қолаётган, имконимиз ҳар доим кўтармайдиган (шароити борлар бундан мустасно улар ўзлари билади, барча шароитни ҳозирлаб қўйган, ҳаётда ўз ўрнини топиб қўйган бўлса), гўёки, бизни ижтимоий иллатимиз (норасмий мажбуриятимиз)га айланиб қолган кераксиз вақт ва ҳавога соврилаётган маблағ каби сарфлаётган одатларимиздан қутилишни тезлатишимиз лозим.

Хуллас оила-никоҳ, фарзандларимизга муносиб ҳаёт, шарт-шароит, мулк ҳозирлаш, ҳеч бўлмаса уларнинг ўзларини шунга ўргатиш тизимли эътибор бериш, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш тадбиркор, тадбирли, ишбилармон, илмли қилишга бор имкониятни ва диққат-эътиборни қаратиш, бу – баландпарвоз гаплар эмас, буни амалга оширишимиз керак.

Агар-ки, умримизни кам вақти, маблағ ва имкониятларини бу йўлда сарфлар эканмиз, қизларимиз, опа-сингилларимиз суд остонасига «уйга киритиб қўйиш ҳақида» даъво билан келаверади… Бу эса бизнинг халқимизга хос эмас.

Айтганча, яна бир гап, биз Иккинчи жаҳон уруши даврида миллионлаб болаларни бағрига олиб, ўз уйидан жой, меҳр берган буюк инсоний фазилатлар соҳиблари бўлган аждодларнинг авлодларимиз.

Бугун эса ўз ўғлининг фарзандлари, невараси, жияни, яқинлари норасидаларни келинига қўшиб уйдан чиқариб юбориш учун судга даъво киритиб, низо кўтармоқдамиз…

Албатта бунда келин-аёл томонини ҳам қўлламоқчи эмасман, асосий масала оилаларни пароканда бўлишга қўйиб бераётган, уларнинг ҳаётига ортиқча аралашиб, ижтимоий амбициясини босиб олмаётган катталармиз…

Хулоса ҳар биримиздан!

Нуриддин Муродов,

Тошкент шаҳар

Учтепа туманлараро суди судьяси

220990cookie-check“Чириган тушунчалар” ортидаги низолар: қиз болани мустақил ҳаётга тайёрламай узатамиз, бечора эрнинг эса турар жойи йўқ…

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: