Ростгўйлик – олий Фазилат
Маълумки, Аллоҳ таоло инсониятни яратиб, унга бир неча гўзал фазилатларни ато айлаган. Бу фазилатлар инсоннинг зийнати ҳисобланади. Гўзал фазилатлар ила инсон жамиятда, инсонлар орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлади. Мана шундай фазилатлардан бири -бу ростгўйлик фазилатидир.
Мусулмон киши ихлосманд ва тақводор бўлиши билан бир қаторда ростгўй бўлиши ҳам лозим. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай дейди:
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар, кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ ютуққа эришибди».
Демак, ҳақиқий мўмин Аллоҳдан қўрққан, унга бўйсунган, жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашган кишида хиёнат ва ёлғончилик бўлмаслиги лозим.
Бугунги кунда баъзи инсонларга оддий ҳолга айланиб бораётган ёлғончилик, ваъдага вафосизлик, товламачилик, бировни алдаб пул ва нарсасини олиш, оддий ҳолатларда ҳам ёлғон гапириш, ўз манфаатини ўзганинг манфаатидан устун қўйиш каби разил иллатлар ва оғир гуноҳлар борки, улар инсоннинг умри, ризқи, моли, оиласидан баракани кетказади. Шу сабаб бундай иллатлардан огоҳ бўлишимиз лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу хақдаги зарур кўрсатмаларни берганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р,а.) ривоят қилган ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклайди, Яхшилик эса уни беҳиштга етаклайди. Албатта киши рост сўзлаб юрса, у Аллоҳ ҳузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилади. Албатта ёлғон ўз соҳибини ёмонлик сари етаклайди. Ёмонлик эса жаҳаннам сари етаклайди. Киши доимо ёлғон гапириб юришлиги билан Аллоҳ таоло ҳузурида ёлғончи (каззоб) деб ёзилади”.
Аллоҳ таоло барчалариммизни доимо рост сўзлайдиган ростгўй бандаларидан қилсин
Тошкент ислом институти Модуль таълим шакли талабаси
Наманган шаҳар Истиқлол жомеъ масжиди
имом-хатиби М.Турғунов