islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Шайтон гуруҳидан бўлган чақимчи

Инсон саломатлиги у озиқланаётган сув ва неъматлар софлигига боғлиқ бўлганидек, шахс дунёқарашининг соғломлиги ва илм савияси ўзлаштираётган маълумот ва билимларнинг манбаларига боғлиқдир.

Шу нуқтаи назардан давримизда ижтимоий тармоқларидан фойдаланиш одоби ижтимоий одобларнинг энг аҳамятлиларидан бири ҳисобланади. Аслида ижтимоий тармоқларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад илм олиш имкониятларини осонлаштириш, одамларни узоғини яқин қилиш, ўзаро муносабатларда қулайлик яратиш эди. Бироқ, бугунги кунга келиб, уларнинг вазифаси тоборо кенгайиб, мақсадлари ҳам турланиб бормоқда. Ана шундай хатарлардан бири ёлғондир.

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири — ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар  ва уйдирмаларни урчитиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Эй мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз! (Ҳужурот сураси 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига қуйдаги ҳадис ҳам яққол далил ҳисобланади.

Бу борада Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кишига гуноҳ бўлиши учун эшитган нарсасини гапиришининг ўзи кифоядир” – деганлар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривояти).

Одамлар орасига  низо соладиган ёки кишиларни ҳақиқатдан чалғитадиган ёлғон гапларни ижтимоий тармоқда тарқатадиган кимса шайтон гуруҳидан бўлган чақимчидир, у энг ярамас одамдир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай баён қиладилар: “Ростгўйлик, албатта, яхшиликка, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши токи рост гапирар экан, у Аллоҳ таоло ҳузурида “сиддиқ” деган номга эга бўлади. Ёлғон, албатта, бузуқликка, бузуқлик эса дўзахга тортади. Киши токи ёлғон гапирар экан, Аллоҳ таоло ҳузурида “каззоб” деб ёзиб қўйилади”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом динида ёлғон гапириш, бирор кишини алдаш мумкин эмас. Чунки ёлғоннинг оқибати носоғлом муҳитни келтириб чиқаради. Ёлғоннинг асорати  кишига нисбатан ишончсизлик уйғотади, яқин кишилар ўртасида меҳр-муҳаббатнинг завол топишига олиб келади.

4-курс талабаси

Фазлиддин Низомов

223060cookie-checkШайтон гуруҳидан бўлган чақимчи

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: