Ойларнинг шоҳи Рамазонга ҳам етишдик. Сўнгги йилларда яшаш тарзимиз, таомланишимиз анча ривожланиб, ўзгариб қолгани рост. Бундай шароитда инсон организмида зўриқишлар келиб чиқмаслиги учун нималар қилиш керак?
Диетолог ва соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси, блогер Рашид Усмонов ўз тажрибалари ва кузатишларидан келиб чиқиб, рўза тутиш мобайнида соғлиққа ножўя таъсир кўрсатувчи айрим хатолар, хусусан, нотўғри овқатланиш ҳақида гапириб берди. У айниқса пандемия даврида яшаётганимиз учун аҳамият беришимиз лозим бўлган муҳим жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтган.
Рамазон ойига тайёргарлик
Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, аслида, Рамазонгача ҳам нафл рўза тутиб, парҳез қилиб, соғлигимизни тиклаб, тайёргарлик кўриб олиш керак.
Рамазон рўзасини тутишдан икки-уч кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз, айниқса, тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида уларнинг қийналишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейилишини кутади, иштаҳа очилиб, шунга тайёр туради.
Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончнинг кучлилиги эса фарз амални Аллоҳнинг розилиги учун бажариш кераклигини англаб, ниятни тўғри қилишга боғлиқ.
Саҳарлик
Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир чой қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмайди ва ноқулайликлардан қутуламиз.
Саҳарликда асосий ичимлик сув бўлиши лозим.
Энди эса саҳарлик қилиш учун уч хил энг фойдали маҳсулотларни келтириб ўтамиз.
- Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, мастава ва шу кабилар.
- Сут маҳсулотларидан энг аввало ширчой, ундан ташқари, творог, қатиқ, сметана маҳсулотлари билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.
- Асал, араб хурмоси, ёнғоқ, майиз, ўрик туршаги, олча қоқи ва бошқа шу каби қуруқ мевалар.
Юқоридаги маҳсулотларни саҳарлик пайтида имкон қадар бир-бирига аралаштирмасдан, алоҳида истеъмол қилиш тавсия қилинади. Бу кун давомида ўзимизни яхши ҳис қилишимизга замин яратади.
Қандай маҳсулотларни истеъмол қилишдан тийилиш керак?
Қуйидаги маҳсулотлар кун давомида чанқаб қолишимизга — ичган сувимиз танани тезроқ тарк этишига сабаб бўлиши мумкин:
- ёғли маҳсулотлар ва ёғли овқатлар;
- меъёридан ортиқ аччиқ чой;
- дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска ва ҳоказо);
- шўр маҳсулотлар;
- тузлама маҳсулотлари;
- кофе ва кофеинга бой маҳсулотлар;
- шакарни ҳаддан зиёд кўп истеъмол қилиш;
- барча нотабиий кимёвий моддалар аралаштириб тайёрланган озиқ-овқатлар;
- лавр (дафна) япроғи, наъматак меваси каби пешоб ҳайдовчи дамламалар.
Иммунитетни ошириш йўллари
Соғлом одам рўза тутиши унинг иммунитетини туширмайди, аксинча кўтаради. Агар ҳолсизлик, камқонлик ва бошқа касаллигингиз бўлса — албатта, шифокорингиз маслаҳати билан йўл тутишингиз мақсадга мувофиқдир.
Ифторликдан саҳарликкача овқатланишингизга қараб қуйидаги маҳсулотлардан бирини қўшиб истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз ошишига жуда яхши фойда қилади:
- Ошқовоқ уруғи бир ош қошиқ нонушта билан бирга.
- Зайтун ёғи бир ош қошиқ кечқурун ётишдан олдин.
- Седана (сиёҳдона) ёғи бир ош қошиқ кечқурун овқатдан сўнг.
- Асал бир ош қошиқ эрталаб сувга қўшиб.
- Оқ каррак уруғи (расторопша) 10 дона ифторликдан олдин ёки сўнг.
- Араб хурмоси 4 дона саҳарлик ва ифторликда.
- Жийда 10 дона саҳарликда.
- Бразилия ёнғоғи 1 дона саҳарликда.
- Имбирли чой саҳарлик ва ифторликда.
- Долчинли чой саҳарлик ва ифторликда.
- Малинали чой саҳарлик ва ифторликда.
- Наъматак дамламаси ифторликда.
- Заъфарон дамламаси ҳафтада икки марта.
Юқоридаги маҳсулотлар пандемия шароитида сизга мустаҳкам иммунитетни юқори маромда ушлаб туришда яхшигина ёрдам беради ва соғлигингизга ҳам фойдали.
Кун давомида
«Рўзадорман, куни бўйи ҳаракат қилсам оч қоламан, ҳаракатдан қолиб ҳолсизланаман», деб асло ўйламанг. Рўзада одам доим оҳиста ҳаракатда бўлиши керак, ҳаракат ва очлик соғлигимизни тиклашимизга ва мустаҳкамлашимизга икки карра ҳисса қўшади.
Ҳаракат қилмасдан фақат ётиб яшаш эса секин-аста юракнинг кам уриши ва организмнинг шунга кўникиб қолишига, ҳолсизланиш ҳолатларига олиб келади, бу эса ибодатларимизга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Саҳарликдан сўнг 4–5 километр пиёда сайр қилиб олиш, ифторликдан кейин эса таровеҳ намозларида қойим бўлиш тавсия қилинади.
Суткасига камида 7 соат ухлаб олиш керак, лекин кундузи оч қоринда ухлашга шароити борлар бу уйқуни камида иккига кўпайтириб, ҳисоб-китобини олиб бориши керак. Яъни кундузги 1,5–2 соатлик уйқу тунги 4–5 соатнинг ўрнини босади. Бунга сабаб — ошқозонимиз тоза ҳолатда бўлишидир. Кўпроқ пешиндан кейин ухлаб олиш тавсия қилинади.
Қуёш нури гарчи ўз иссиғи билан қийнаса-да, лекин бизни чиниқтириб, ҳозирда организмимиз учун муҳим бўлган D витаминига тўйинтиради, тана қурилишимизни мустаҳкамлайди. Ҳар куни эрталабки 15–20 дақиқа сайр билан, қуёш нурида чиниқиб олиш керак.
Ифторлик
Бу пайтга келиб, ошқозонимиз ва бутун сезги органларимиз ҳазм қилиш ва таъм сезишга шай туради. Шу сабабли инсоннинг таъм сезиш органлари каррасига яхши ишлайди.
Аввал икки дона хурмо ва тахминан 300 миллилитргача илиқ ёки уй ҳароратидаги сув билан оғиз очиб оламиз, ёки сувни камроқ ичиб, ҳўл мевалардан еб олиб, сўнгра 10–15 дақиқадан кейин овқатланишимиз мумкин. Бу худди автоуловни ҳайдаш учун қиздириб тайёрлашдек, ошқозонимизни овқат ҳазм қилишга шай қилади.
Кечки овқат имкон қадар тез ҳазм бўладиган ва енгил бўлиши лозим ва албатта, барра салатлар, кўкатлар билан бирга истеъмол қилиниши керак. Айниқса, ҳозирги ҳолатда суюқ овқат ва барра салатлар қонимизни суюлтиришини, аксинча, қуюқ овқатлар қуюқ қон ҳосил қилишини унутмаслигимиз лозим.
Мисол учун:
- Жўжахўроздан шўрва (бир ёшга тўлмаган хўроз)
- Қўзи гўштидан шўрва (олти ойгача бўлган қўй боласи – қўзи)
- Улоқ шўрва (уч-олти ойгача эчки боласи)
- Сабзавотли димлама (карам, шолғом, саримсоқ, ошқовоқ, сабзи ва ҳоказо)
- Карам шўрва
- Мошхўрда
- Мастава
Албатта озғинлар, қони суюқ кишилар тансиқ таомлардан истеъмол қилиши мумкин.
Кечаси ётишдан бир соат олдин, бирор нима тамадди қилмасдан ухлай олмаслик одати бўлса, қатиқ, олма ва бошқа тез ҳазм бўладиган мева ва сабзавотлардан еб ухлаши мумкин.
Зарарли одатлар
Саҳарликда меъёридан ортиқ ва тартибсиз овқатланиб, бўкиб олиш ўта нотўғри. Бу — ёмон одат: ошқозонда муаммолар келтириб чиқариши билан бирга, аксинча, кун давомида оч ва чанқаб юришингизга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ортиқча вазнга эга одамлар саҳарликда номига мевалардан еб олиб, сувдан тўйиб ичиб олишса, шунинг ўзи кун давомида енгил юришларига етарли бўлиши билан биргаликда очликдан қалтираш каби муаммолардан сақлайди.
Саҳарликда яхши овқатланиб туриб шартта чўзилиб ётиш жуда зарарли. Бу ҳолат ошқозон – ичаклар иш фаолиятини бузиб, кун давомида беҳол юриш ёки шу билан ошқозонда муаммолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Камида саҳарликдан 2 соат ўтказиб, кейин ухлаш тавсия этилади.
Оғиз очганда яхдек ичимлик билан чанқоқни босиш ҳам зарарли одат. Кун давомида ошқозон ва ички аъзолар ўзини ўзи даволаш билан банд бўлади ва ички ҳарорат иссиқ турган пайтда муздек ичимлик ичиш — бу худди иссиқ ҳароратдаги шиша идишга салқин ичимликни қуйиб, синдириб қўйишдек гап. Бу нақафат рўзанинг шифобахшлик хусусиятини пасайтиради, балки ифторликда еган овқатимизнинг тез ҳазм бўлишига ҳам тўсқинлик қилади.
Ифторлик вақти кирганда жуда ҳам кўп сув ичиш одати ҳам иштаҳани бўғиб қўяди. Натижада, яхши овқатланолмай қоласиз ёки мажбуран овқатланиш натижасида эрталабгача ошқозон дамлаб, еган нарсангиз ҳазм бўлмасдан қийналиб юрасиз.
Овқат пайти ширинликлар, торт, шоколад, газланган ичимликлар қўшиб истеъмол қилиш мумкин эмас. Булар бирга аралашса, ҳазм жараёнини секинлаштириб, бизни қийнаб қўяди. Шунингдек, нотабиий ширинликлар ва шакарли маҳсулотлар кун давомида очлик ҳиссини келтириб чиқаришини унутманг.
Охирги пайтларда эшитиб қоламиз, саҳарлик ва ифторликда овқат базмлари етмаганидек, яна ярим тунда дўстлар даврасида йиғилиб ўтириш, Рамазоний кечаларда одатий кунлардан кўпроқ таомланиб олиш ҳақида. Лекин бу танамизга ҳам, руҳиятимизга ҳам зиён қилувчи одатлардан ҳисобланади.
Рўзанинг янада шифобахш бўлишини ва Рамазонда тетик юришни истасангиз, албатта, фақат табиий егуликлар ва ичимликлар билан таомланишни тавсия қиламан. Фақат табиий! Табиий маҳсулотларни тўғри танлашнинг энг содда йўли — ҳар бир маҳсулотни ейишдан олдин, ўзингизга савол беришдир.
Масалан: «Шу маҳсулотни 100 йил олдин ота-боболаримиз истеъмол қилганми? 100 йил олдин бор эдими шу егулик?»
«Йўқ, боболаримиз емаган, у даврда йўқ эди бу таом», деган жавоб келса, албатта, шу нарсани емайсиз ёки ичмайсиз.
Овқатланишда ҳар хил турдаги маҳсулотларни қўшиб истеъмол қилмасликка эътибор қаратиш лозим.
Яна бир зарарли одат — кондиционерни жуда ҳам салқин қилиб олиш ҳисобланади: шамоллаб қолиш мумкин. Қолаверса, иссиқ ҳавода чиниқишнинг ўзи инсон организми учун кони фойдадир.
Хулоса
Юқоридаги маслаҳатлар асосан ўзимнинг тажрибаларимдан келиб чиқиб ёзилди, албатта, кун давомида сабр қилиб юргандан сўнг кечқурунги айрим чекловларга риоя қилиш осон иш эмас. Бу ҳам сабр талаб қиладиган иш, агарда сабр билан юқоридагиларга риоя қилинса, албатта, рўзамизнинг шифобахшлилик хусусияти янада кўпроқ бўлади.
Шуни унутмангки, эски замонларда боболаримизнинг музлаткичлари тўла бўлмаган, улар биз тузатадиган дастурхонларни тузаб ифторлик қилишмаган, уларнинг дастурхонлари фақат табиий ичимликлар ва ҳеч қандай кимёвий қўшимчалар қўшилмаган маҳсулотларга бой бўлган. Боз устига, улар қуёш нурида чиниқиб, тоза ҳаводан нафас олишга ҳаракат қилишган. Албатта, улар рўзадан биздан-да кўпроқ шифо топишган. Шу сабабдан аввалги табиий яшаш тарзига мослаштириб кун кечиришимиз керак.
Рамазон рўзасини тутишни бошлагандан 2–5-кун ўтиб айримларда бош оғриғи кузатилади. Табиблар бунга сабаб қилиб танадан зарарли токсинларнинг тарк этишини кўрсатишган. Яна қандайдир касаллигингиз бўлса, ҳолатга қараб шифокорга мурожаат қилишни унутманг.
Ҳар бир организм, мижоз, иқлим ва шароит ҳар хил, шунга қараб ўзингизга мос бўлган фойдали тадбирларни қилиб, Рамазон ойини мароқли ўтказиб олинг.
Бутун дунё тиббиёт ва табобат олимлари рўзани минг дардга даво, деб таъкидлашади. Ошқозон касалликлари, бўғинлардаги муаммолар, тузлар, тошлар, қон босими ва бошқа касалликлардан бирваракайига халос бўлишни истасангиз, албатта, имкони борича юқоридаги маслаҳатларга тўлиқ риоя қилинг. Шундагина рўзани 30 кун, пайдар-пай қийналмай тутасиз, Аллоҳ ризолигига эришасиз, шифо ҳам топасиз.
Ниятимиз — фақат Аллоҳ розилиги учун бўлсин, саломатликка эътиборли бўлиш ва соғлом таомланиш эса суннатга мувофиқ тадбирлардир.
P.S. Пандемияни инобатга олиб шуни айтишим жоизки, сиз агарда салқин ичимлик ичиш ёки кондиционерли хонада ётиб қолиш натижасида организмингизни шамоллатиб қўйсангиз, сизнинг танангиз иммун тизими бор кучини шамоллашни даволашга қаратади. Оқибатда танада вирусларга курашувчанлик пасаяди. Бунақа ҳолатда олдинги зотилжам (пневмония) ҳолатлари қўзғаб қолиши ёки худо кўрсатмасин, вирус юққан тақдирда, касаллик оғир кечиши мумкин.
Рашид Усмонов,
соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси