islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръонда зикр қилинган 5 та шаҳар

Аллоҳнинг муқаддас китоби Қуръон, бу – чексиз ҳикмат ва ҳақиқий илм манбаидир. Муқаддас саҳифада кўплаб воқеа ва ҳодислар тасвирланган. Шунингдек, баъзи шаҳарлар ҳақида маълумотлар ҳам мавжуд. Ўқувчиларни Қуръонда зикр этилган бешта шаҳар билан таништиришга ҳаракат қиламиз.

1. Муқаддас Макка

Макка

Муқаддас Макка ер юзидаги энг пок ва муқаддас жой. У Саудия Арабистони Қироллигининг ҳудудида жойлашган. Маккада, Аллоҳнинг уйи бўлган Каъба, яъни қибла бор. Бу ерга бутун дунёдаги мўмин-мусулмонлар намоз, ибодат ва дуо пайтида юзланадилар. Макка тўғрисида Фатҳ сурасининг 24-оятида Худои таоло марҳамат қилган:

وَهُوَ ٱلَّذِي كَفَّ أَيۡدِيَهُمۡ عَنكُمۡ وَأَيۡدِيَكُمۡ عَنۡهُم بِبَطۡنِ مَكَّةَ مِنۢ بَعۡدِ أَنۡ أَظۡفَرَكُمۡ عَلَيۡهِمۡۚ وَكَانَ ٱللَّهُ بِمَا تَعۡمَلُونَ بَصِيرًا

“У (Аллоҳ) Макканинг ичида (яъни, Ҳудайбийяда) сизларни уларнинг (Макка мушрикларининг) устига ғолиб қилганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (яъни, ўрталарингизда сулҳ пайдо қилган) Зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб тургувчи бўлган Зотдир”.

2. Муборак Мадина

Мадина

Муборак Мадина, яъни Ясриб, бу – Аллоҳ таолонинг марҳамати билан бурканган шаҳар. Унда Аллоҳнинг буюк инъоми – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйи, мақбараси ва масжиди бор. Мадина ҳам Саудия Арабистони Қироллигида, Маккадан 430 км шимолда жойлашган. Ушбу шаҳар тўғрисида Тавба сурасининг 101-оятида зикр қилинган:

وَمِمَّنۡ حَوۡلَكُم مِّنَ ٱلۡأَعۡرَابِ مُنَٰفِقُونَۖ وَمِنۡ أَهۡلِ ٱلۡمَدِينَةِ مَرَدُواْ عَلَى ٱلنِّفَاقِ لَا تَعۡلَمُهُمۡۖ نَحۡنُ نَعۡلَمُهُمۡۚ سَنُعَذِّبُهُم مَّرَّتَيۡنِ ثُمَّ يُرَدُّونَ إِلَىٰ عَذَابٍ عَظِيمٖ

“Сизларнинг атрофингиздаги аъробийлар орасида мунофиқлар бор. Мадина аҳолиси орасида ҳам (мунофиқлар бордир). Улар доимий нифоқдадирлар, (лекин) сиз уларни билмайсиз. Биз билурмиз. Уларни қайта-қайта (яъни, ҳаётлик пайтларида қатл қилиш, асир олиш, ўлганларидан кейин эса қабр азоби билан) азоблаймиз. Сўнгра (Қиёмат Кунида) улуғ азобга қайтарилурлар”.

3. Қуддус

Қуддус

Қуддус – сайёрамиздаги энг эътиборли ва муборак жой. Мусулмонлар учун Фаластиндаги бу шаҳар биринчи навбатда Исро ва Меърож воқеалари сабабли аҳамиятлидир. Ражаб ойининг 27-кечасида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг даргоҳига юксалиш учун осмонга кўтарилиш шарафига муяссар бўлди. Осмонга кўтарилиш Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди жойлашган ҳудудда бўлган. Ал-Ақсо масжиди – Исломдаги Масжидул Ҳаром ва Масжидун Набавийдан кейинги учинчи муқаддас масжид. У  ҳақда Моида сурасининг 21-оятида шундай зикр қилинган:

يَٰقَوۡمِ ٱدۡخُلُواْ ٱلۡأَرۡضَ ٱلۡمُقَدَّسَةَ ٱلَّتِي كَتَبَ ٱللَّهُ لَكُمۡ وَلَا تَرۡتَدُّواْ عَلَىٰٓ أَدۡبَارِكُمۡ فَتَنقَلِبُواْ خَٰسِرِينَ

“Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу муқаддас Ерга (шаҳарга) кирингиз! Ортларингизга қайтиб кетмангиз, акс ҳолда зиён кўргувчиларга айланиб қолурсиз», деди”.

4. Бобил

Бобил Ироқнинг марказида жойлашган шаҳар. Қодир Аллоҳ уни Бақара сурасининг 102-оятида зикр қилган:

وَٱتَّبَعُواْ مَا تَتۡلُواْ ٱلشَّيَٰطِينُ عَلَىٰ مُلۡكِ سُلَيۡمَٰنَۖ وَمَا كَفَرَ سُلَيۡمَٰنُ وَلَٰكِنَّ ٱلشَّيَٰطِينَ كَفَرُواْ يُعَلِّمُونَ ٱلنَّاسَ ٱلسِّحۡرَ وَمَآ أُنزِلَ عَلَى ٱلۡمَلَكَيۡنِ بِبَابِلَ هَٰرُوتَ وَمَٰرُوتَۚ وَمَا يُعَلِّمَانِ مِنۡ أَحَدٍ حَتَّىٰ يَقُولَآ إِنَّمَا نَحۡنُ فِتۡنَةٞ فَلَا تَكۡفُرۡۖ فَيَتَعَلَّمُونَ مِنۡهُمَا مَا يُفَرِّقُونَ بِهِۦ بَيۡنَ ٱلۡمَرۡءِ وَزَوۡجِهِۦۚ وَمَا هُم بِضَآرِّينَ بِهِۦ مِنۡ أَحَدٍ إِلَّا بِإِذۡنِ ٱللَّهِۚ وَيَتَعَلَّمُونَ مَا يَضُرُّهُمۡ وَلَا يَنفَعُهُمۡۚ وَلَقَدۡ عَلِمُواْ لَمَنِ ٱشۡتَرَىٰهُ مَا لَهُۥ فِي ٱلۡأٓخِرَةِ مِنۡ خَلَٰقٖۚ وَلَبِئۡسَ مَا شَرَوۡاْ بِهِۦٓ أَنفُسَهُمۡۚ لَوۡ كَانُواْ يَعۡلَمُونَ

“Ва Сулаймон давридаги шайтонлар (жинлар) айтган нарсаларга эргашадилар. Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар. Ва Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларга эргашадилар. — Ҳолбуки, у фаришталар: «Биз фақатгина фитнамиз (яъни одамларни алдаб имтиҳон қилиш учун юборилганмиз), бас, (биз айтган нарсаларни қилиб) кофир бўлиб қолма», демасдан туриб ҳеч кимга ҳеч нарса ўргатмас эдилар. — Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар. (Лекин) улар (яҳудий сеҳргарлар) сеҳр билан Аллоҳнинг изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олмайдилар. Ва ҳеч фойдасиз, билъакс зарарли нарсаларни ўрганадилар. Ахир (Аллоҳнинг китоби ўрнига сеҳрни) алмашган кимсаларга Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ эканини билган эдилар-ку. Жонларини нақадар ёмон нарсага (яъни Охиратдаги маҳрумликка) сотганларини билсалар эди”.

5. Эрам

Аллоҳ таоло Фажр сурасининг 6-8 оятларида:

أَلَمۡ تَرَ كَيۡفَ فَعَلَ رَبُّكَ بِعَادٍ

  1. (Эй Муҳаммад алайҳис-салоту вас-салом), Парвардигорингиз Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?

إِرَمَ ذَاتِ ٱلۡعِمَادِ

  1. (Улар) баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Иром (шаҳрида яшаган Од қабиласини қандай ҳалокатга дучор қилганини кўрмадингизми?).

ٱلَّتِي لَمۡ يُخۡلَقۡ مِثۡلُهَا فِي ٱلۡبِلَٰدِ

8. У (шаҳар бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган эди.

Қуръонда Затул Имад деб номланган Эрам шаҳри Арабистон ярим оролида Яман ва Уммон давлатлари ўртасида жойлашган.

Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси

 катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев

225830cookie-checkҚуръонда зикр қилинган 5 та шаҳар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: