islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров: “Диний-маърифий соҳа жуда хассос…”

Диний-маърифий соҳадаги янгиланишлар: навбатдаги вазифалар белгиланди

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида юртимиз диний-маърифий соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда келгуси вазифаларга бағишланган кенгайтирилган анжуман бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчилари — Абдужаббор Абдувоҳидов ва Хайриддин Султонов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ҳамда пойтахтимиздаги диний таълим муассасалари раҳбарлари, имом-хатиблар ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Анжуманни Ўзбекистон Республикаси Президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов кириш сўзи билан очар экан, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2021-йил 25-майдаги Фармони ҳамда ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ, диний-маърифий соҳанинг масъул лавозимларига тайинланган раҳбарларни таништирди ва уларнинг келгуси фаолиятларига муваффақият тилади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Шоазим Шоисломович Миноваров тайинланганига доир фармон ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг Шоазим Миноваровга сўз навбати берилди.

—  Диний-маърифий соҳа жуда хассос бўлиб, унинг давлат ва жамият тараққиёти, келажак авлод таълим-тарбияси, камолотидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс, — дейди Ш.Миноваров. — Шу боис юртимизда диний-маърифат соҳасига ҳамиша устувор аҳамият қаратилиб келинган. Сўнгги тўрт йил давомида, айниқса, ушбу соҳада президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва раҳнамоликларида жуда катта ислоҳотлар амалга оширилди: Ўзбекистондаги Ислом сивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоятларда иш бошлаган Ақида, Ҳадис илми мактаблари ва албатта, кўплаб янгидан бунёд этилган масжидлар фаолиятини алоҳида эътироф этиш жоиз. Бу юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори вазифасини бажарувчиси лавозимига тайинланган Комилов Музаффар Муротович Академия жамоасига таништирилиб, у кишининг ҳам шарафли ва масъулиятли фаолиятларига муваффақият тиланди.

—  Бугун диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасида мазкур соҳада кўп йиллардан буён фаолият кўрсатиб келаётган етук мутахассис олим ва раҳбарларимиз Шоазим Миноваров ҳамда Музаффар Комиловларнинг алоҳида хизматлари борлиги шубҳасиз, — дейди ўз сўзида Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Зоҳиджон Исломов. — Шу боис юртбошимиз фармони ва ҳукуматимиз қарори бизнинг ҳам кўнглимизни кўтарди. Зеро, Академияда марҳум устозимиз Рустам Қосимов томонидан диний-маърифий таълим соҳаси, унинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш борасидаги амалга оширилган кенг кўламли ишлар ва яратилган катта илмий мактаб янги тайинланган раҳбарларимиз томонидан янгича мазмун ва моҳият билан давом этишига ишонамиз.

Анжуманда шунингдек, Академиянинг “Ижтимоий-гуманитар фанлар” кафедраси мудири Ҳамида Туйчиева, “Ислом тарихи ва манбашунослик ИРЦИЦА” кафедраси профессори Аҳаджон Ҳасанов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Даврон Махсудов ҳам сўз олиб, устозларни муборакбод этди.

Мамлакатимиз диний-маърифий соҳасидаги эришилган ютуқлар қаторида мавжуд муаммолар ҳам кенг таҳлил этилган анжуманда келгуси вазифалар белгиланиб, зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши хусусида келишиб олинди.

230300cookie-checkПрезидент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров: “Диний-маърифий соҳа жуда хассос…”

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: