islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Маккаи Мукаррама мадрасаси

Ҳаммага маълумки, Макка Исломнинг асл ватани, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам туғилиб ўсган, Қуръони Карим дастлаб нозил бўлган ва диннинг аввалги ўн уч йилги босқичи шу ерда кечган эди. Дастлабки мусулмонлар ҳам айни шу шаҳарнинг аҳолисидан эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккани фатҳ қилганларидан кейин ўзлари Мадинага қайтишларидан олдин фақиҳ саҳобалардан бўлган Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни аҳли Маккага Қуръони Каримни ва ҳалол – ҳаромдан таълим бериш учун қолдирдилар. Ана ўша кундан бошлаб Маккада ҳақиқий исломий фиқҳ ривожи бошланди.
Кейинчалик, бу мадрасага катта илм эгалари раҳбарлик қилдилар:
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мушрикларнинг тазйиқлари ҳаддан ошиб турган бир пайтда ёруғ дунёнинг юзини кўрган Абдуллоҳ ибн Аббос илоҳий бир тадбир ила ўз оғзига олган биринчи ғизо охирзамон пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак туфутки-лари бўлди.
Қурайшнинг аслзода оилаларидан бирида дунёга келган Абдуллоҳ ибн Аббос она сутига қўшиб ўша аслзодалик руҳини ҳам эмиб катта бўла бош-лади. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиб пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзининг омонлик юрти Маккаи Мукаррамани фатҳ қилиши жараёнида Абдуллоҳ ибн Аббоснинг отаси Аббос ибн Абдулмуттолиб ҳам ўз Исломини баралла ошкор қилди. Шу билан бирга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга яшаш учун ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварага кўчиб борди.
Ўша пайтларда эндигина ўн-ўн бир ёшларга кириб қолган зийрак Абдуллоҳ ибн Аббос энди бевосита мадрасаи Муҳаммадиянинг таълим тарбиясини ола бошлади. У вақтга келиб Аллоҳ таоло ўз дини Исломни ўзга динлардан устун қилган, мусулмонлар зафар топган, кишилар Аллоҳнинг динига гуруҳ-гуруҳ кирган ва барқарорлик ҳукм сурган бир пайт эди. Барча иложи борича кўпроқ илм олишга ҳаракат қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг оятлари кетма-кет нозил бўлиб турар, ҳамда у зотнинг ўзлари умматларига турли аҳкомларни баён қилиб берар эдилар.
Ўша пайтда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ўзларининг илмий равнақлари чўққисига чиққан эдилар. Ўз замонларидан ҳосил қилиниши мумкин бўлган барча илмлардан пешқадамликни қўлга олган эдилар. Агар ифодали қилиб айтиш мумкин бўлса, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу икки оёқда юрадиган Ислом дорулфунунига айланиб бўлган эдилар. У кишидаги илмларнинг кўплиги, чуқурлиги ва дарс бериш қобилияти кишиларни лол қолдирар эди. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу барча илмларда барча олий даражадаги дарс бериш қобилиятларини ҳаммага исбот қилган эдилар. У кишининг довриқлари етти иқлимга тарқаб, турли тарафлардан илм талабидаги кишилар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дорулфунунида таҳсил олиш учун Мадинаи Мунаввара томон оқиб келар эдилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг илм йўлида ихлос билан қилган хизматларига мусулмон уммати ҳам ихлос билан тақдир қилар эди. Бу ҳақиқатни қуйидаги муқоясадан билиб олсак ҳам бўлади.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу умавийларга қарши чиқиб Маккаи Мукаррамани марказ қилиб олганда энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш, умматнинг илм денгизи лақабини олган саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Маккаи Мукаррамага келиб одамларга таълим бера бошлади. У киши Байтул ҳаромда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва адабиётдан дарс берар эди.
Маккаи Мукарраманинг илмий шуҳратини ортишида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва у кишининг шериклари бош омил бўлдилар. Ўша пайтда тобеъинлардан бўлган энг машҳур олимлар етишиб чиқди. Уларнинг ичида оламга машҳур бўлган фақиҳлардан Мужоҳид ибн Жабр, Ато ибн Аби Рабоҳ, Товус ибн Кайсон ва бошқалар бор эди. Буларнинг учовлари ҳам арабмас мусулмонлардан эдилар.
Маккаи Мукарраманинг фиқҳ мадрасаси шу тариқа ривожланишда давом этаверди. Бу мадрасанинг машҳур кишиларидан баъзиларни номларини тилга оладиган бўлсак, Суфён ибн Уяйна, Муслим ибн Холид Занжий розияллоҳу анҳумоларни алоҳида таъкидлашимиз лозим бўлади. Чунки ушбу икки фақиҳ тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирининг асосчиси имом Шофеъийнинг устозлари бўлади.

Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ Ғаззада туғилган бўлсалар ҳам, оналари у кишини гўдаклик чоғида Маккаи Мукаррамага олиб келганлар ва у киши илмни шу ерда олганлар.

4-курс талабаси НУРИДДИНОВ АСАДУЛЛОХОН

233050cookie-checkМаккаи Мукаррама мадрасаси

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: