islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Узоқ умр кўрай десангиз

Инсонинг табиати ҳаётни яхши кўришига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Иблис алайҳи лаъна Одам алайҳиссаломни тақиқланган дарахт мевасидан ейишга қизиқтиргани Қуръони каримнинг Тоҳо сурасида келтирилган:

فَوَسْوَسَ إِلَيْهِ الشَّيْطَانُ قَالَ يَا آدَمُ هَلْ أَدُلُّكَ عَلَى شَجَرَةِ الْخُلْدِ وَمُلْكٍ لَّا يَبْلَى

«Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?” деди» (120-оят).

Агар инсон узоқ умр кўрган бўлсаю ва мана шу умрини хайрли, манфаатли амалларга бағишлаган бўлса, муборак динимиз бундай ҳаётни “неъмат” деб атайди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан энг яхши инсон қандай инсон деб сўрашганида, у зот: “Умри узоқ бўлиб, амаллари чиройли бўлган киши”, деб жавоб берганлар.

 Мана шу нарсалар билан бир қаторда ҳаётни барбод қилиб юборадиган, бир маромдан чиқариб юборадиган нарса – ўлим ҳам бор. Ёшларни ёшлигида, куёвларни биринчи никоҳ кечасида, тантиқ одамларни ўз аҳиллари ичидан, бойларни ўз бойликлари, неъматларидан, подшоҳларни кучли қўриқчиларнинг ҳимоясидан олиб чиқиб кетадиган нарса ўлимдир. Шунинг учун ўлим “лаззатларни кесувчи, жамоаларни ажратувчи” деб номланди.

Ўлим ҳаётга нуқта қўяр экан, ҳаётнинг жуда ҳам қисқа экани билинади. Инсон ҳар қанча узун орзулар қилмасин, барибир саноқли кунларгина умр кўриши, охир-оқибат унга ўлим келиши, келганда ҳам ундан изн сўрамасдан жонини олиб кетиши аниқдир.

Имом Термизий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар қанча ҳаёт кечирманг барибир сиз маййитсиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, қачондир ундан айриласиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг, кунлар келиб ундан сўраласиз, жавоб берасиз”, дейдилар.

Бир кишининг юрагини бошқа бир кишига ўтказишнинг имконини топаётган табобат ҳам, ойга инсонни олиб чиққан илм ҳам, энг ривожланган технологиялар ҳам кексаликни ортга қайтара олмаяпти, кишини ёшартира олмаяпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам тўғри айтганлар. У зот ҳадисларининг бирида: “Ҳар бир дарднинг давоси бордир. Фақатгина кексалик (қарилик)нинг давоси йўқдир”, деган эдилар (Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилган).

Агар умр чегараланган бўлса, инсон қандай қилиб уни зиёда қилади, узайтиради?

Ҳақиқий ҳаёт инсон неча йил умр кўргани ва неча ёшга киргани эмас. Балки ҳақиқий ҳаёт яхшиликлар, солиҳ амаллар билан ўтказилган умрдир. Бир инсон минг йил умр кўрган бўлса-ю, лекин унинг амал дафтарида яхшиликлари, Аллоҳга қилган тақволари “нол” га тенг  ёки ундан ҳам кам бўлса, бундай узун ҳаётнинг нима кераги бор?

Бир киши ёшлигидаёқ вафот этса-ю, унинг амал дафтари яхшиликлар билан тўла бўлса, қандай бахт-а?

Ҳикмат соҳиблари: “Қанча-қанча умрлар борки, унинг муддати узун бўлади-ю, яхшилиги (ёрдами) оз бўлади. Яна қанча умрлар борки, муддати оз, лекин яхшиликлари кўп бўлади. Аллоҳ таоло кимнинг умрига барака берса, қисқа вақт ичида Раббул аъламиннинг жуда ҳам кўп  неъматларига эга бўлади”, дедилар. Демак, инсон ҳаётини Аллоҳ таоло розилиги учун ҳаракат қиладиган миқдорга узайтириши мумкин. Инсоннинг яхши ишларни қилишда ихлоси ошиб борган сари савоблари кўпаяверади.

Инсоннинг яхшиликлари, солиҳ амалларига қараб қиёмат кунида ҳаётининг қиймати билинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадиси шарифда у зот: “Кимда-ким инсонларни ҳидоятга чақирса, ҳидоятга кирган кишиларга қанча савоб берилса, унга (чақиргувчи кишига) ҳам худди шунча савоб берилади. Уларнинг савобидан ҳеч ҳам камайтирилмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда юзта даража бўлиб, Аллоҳ таоло уларни Ўзининг ёлида жиҳод қилганларга тайёрлаб қўйган иккита даражанинг ўртаси ер билан осмончадир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Юқорида айтилган яхши амаллар, манфаатли ишларнинг қаторига  одил имомнининг вазифасини қўшишимиз мумкин. Одил имом бутун жамиятга яхшилик, енгилликни ёяди.  Инсон нафсига қарши курашиши, жабр-ситамни йўқотиши керак. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда: “Одил подшоҳнинг бир куни олтмиш йиллик ибодатдан яхшироқдир”, дедилар.

Саҳобаи киромлардан бири гўзал бир булоқнинг олдидан ўтиб кетаётиб, унинг ҳуснидан ажабланди.  “Агар мен инсонлардан ажрасам, албатта мана шу ерда ибодат билан яшайман. Лекин бу иш учун Пайғамбаримиздан изн сўрайман, агар изн берсалар келаман”, деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ундай қилмагин. Чунки сизларнинг бирингизни Аллоҳнинг йўлида қоим туриши ўз уйида ўқиган олтмиш йиллик намозидан афзалдир. Аллоҳ сенинг гуноҳингни кечириб, жаннатга киргизишини хоҳламайсанми? Аллоҳнинг йўлида кураш. Кимдаким Аллоҳ талонинг йўлида жанг қилсаю ва бу жанги туяни соғиш учун қўлини кўтариб тушириш вақтича бўлса (жуда ҳам оз муддат жанг қилса) ҳам,  унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Ҳақиқий бахтли киши энг яхши амалларга ҳаракат қилган кишидир.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Зумар  сурасида:

وَالَّذِينَ اجْتَنَبُوا الطَّاغُوتَ أَن يَعْبُدُوهَا وَأَنَابُوا إِلَى اللَّهِ لَهُمُ الْبُشْرَى فَبَشِّرْ عِبَادِ {١٧} الَّذِينَ يَسْتَمِعُونَ الْقَوْلَ فَيَتَّبِعُونَ أَحْسَنَهُ أُوْلَئِكَ الَّذِينَ هَدَاهُمُ اللَّهُ وَأُوْلَئِكَ هُمْ أُوْلُوا الْأَلْبَابِ

 “Шайтондан – унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Аллоҳга (яъни, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хушхабари бўлсин! Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимга – сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни нажотга элтгувчи рост сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшаларгина ақл эгаларидир” (17–18-оятлар), дейди. Айрим кишилар ёшлигидан юксак даражаларга эришган. Кимлардир буни каромат дейишади. Бу каромат эмас, шунчаки барака ва тавфиқдир. (Тавфиқ – Аллоҳ таоло бандага хайрли, яхши амалларни қилишга куч-қувватни беришидир).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қисқа муддатда, яъни йигирма уч йил ичида инсонларни жаҳолат ботқоғидан зулмат нурларига олиб чиқдилар. Шу билан  бутун инсоният тарихини ўзгартирдилар. У зот даъватни бошлашларини илк кунларидан даҳшатли азиятларни бошдан кечирганлар. Мана шундай азиятларда ҳам кишиларни тарбиялаб, жамиятни ислоҳ қилиб, умматларга таълим бериб, охир-оқибат мисли кўрилмаган давлатга асос солдилар.

Воқелик Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам динга даъватлари, у кишининг ҳаракатлари, жиҳодлари буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг Ўз одатига кўра эди. У зотнинг мўъжизалари борлиқнинг кароматлари эмас эди. Балки Қуръони карим эди. Чунки кароматлар ердаги мумкинотлардан бўлиб, киши маълум бир даражага кўтарилганда, сабабларга қараб берилади.  Пайғамбаримизнинг ҳолатлари эса у кишига фақатгина Аллоҳ таолонинг қудрати ила (ер юзидаги мумкинотларга алоқаси бўлмаган, унга хилоф ҳолатда) самодан ёрдам бўлар эди. (Бу жумладаги “само”дан мурод Аллоҳ таолонинг ҳукми ҳамма нарсадан олий бўлгани учун  “само” деб ишлатилди. Аллоҳ таолога макон хослаб қўйишдан эҳтиёт бўлиш керак, сақланиш керак.) Бунга мисол қилиб у кишининг ҳижрат қилишларида Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга хотиржамликни нозил қилиши ёки Бадр жангида Аллоҳ таолонинг малоиклари (фаришталари) ёрдамга юбориши, улар билан нусрат беришини келтиришимиз мумкин. Анфол сурасининг 10-оятида:

وَمَا جَعَلَهُ اللّهُ إِلاَّ بُشْرَى وَلِتَطْمَئِنَّ بِهِ قُلُوبُكُمْ وَمَا النَّصْرُ إِلاَّ مِنْ عِندِ اللّهِ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ

Аллоҳ фақат хушхабар бўлсин, деб ва кўнгилларингиз хотиржам бўлиши учун  шундай қилди. Ғалаба фақат Аллоҳнинг даргоҳидан бўлур. Ҳақиқатан, Аллоҳ ғолиб ва ҳикматлидир”, дейилади.

Саҳобаи киромлар, тобеинлар, уларнинг ортидан эргашган мусулмонларга бир назар ташланг. Уларнинг ҳаракатларини қаранг, арзимаган ўн йилларда турли ўлкаларни забт этишиб, Ислом динини ёйишга, умматга таълим беришга, уларни жоҳилият зулматларидан илм нурига олиб  чиқишга ҳаракат қилишган, хизмат қилишган. Тарихшунос олимлар мусулмон умматнинг қисқагина бир асрда илм, сиёсат, жамиятнинг ислоҳи, ривожланиш борасида бунча катта натижаларга эришганини кўриб ҳайратланишмоқда.

Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ бутун давлатни тартибга солиб, золимлардан мазлумларга ҳақларини олиб бериб, маломатчиларга парво қилмади. Бу кишининг халифалик даврида адолат ўрнатилиб, тинчлик ҳукмрон бўлди. Шунча буюк ишларни амалга оширишга қанча вақт  кетган? Атиги икки ярим йил. У киши  икки ярим йиллик халифалик даврида бутун жамиятни ислоҳ қилди. Ҳа, Аллоҳ таоло йўлида қилинган хизматлар, ҳаракатлар билан банданинг амал дафтари яхшилик билан тўлиб бораверади. Саҳобаи киромлар ҳамма куфр эътиқодида бўлганида имон келтиришиб, тасдиқ қилишган эди. Мана шундай биринчилардан мусулмон бўлганларнинг фазли ўзидан кейингилардан, ҳижрат қилганларнинг мартабаси ансорлардан, Макка фатҳидан олдинги саҳобаларнинг даражалари фатҳдан кейингиларнинг мартабаларидан  юқори бўлиб бораверади. Ҳадид сурасида:

وَمَا لَكُمْ أَلَّا تُنفِقُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلِلَّهِ مِيرَاثُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ لَا يَسْتَوِي مِنكُم مَّنْ أَنفَقَ مِن قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ أُوْلَئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِّنَ الَّذِينَ أَنفَقُوا مِن بَعْدُ وَقَاتَلُوا وَكُلّاً وَعَدَ اللَّهُ الْحُسْنَى وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

Нега сизлар Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмаяпсизлар?! Ҳолбуки осмонлар ва эрнинг ворислиги ёлғиз Аллоҳники-ку (яъни оз кунда сизлар бу оламдан ўтиб кетиб, қўлларингиздаги барча мол-дунёларингиз Аллоҳга мерос бўлиб қолади-ку)! Сизлардан (Макка) фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва (Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши) урушган кишилар (Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилар билан) баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар. Барчаларига Аллоҳ гўзал (оқибат-жаннат) ваъда қилгандир. Аллоҳ килаётган амалларингиздан хабардордир”, дейилади (10-оят).

Жамият фасод бўлиб, кучлилар кучсизларга зулм ўтказган, фаҳш кенг ёйилган, яхши ишлар камайиб, ёмон ишлар кўпайган бир замонда солиҳ амалларнинг савоби янада юксак бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳараж даврида қилинган ибодат худди менга ҳижрат қилганга ўхшайди”, дедилар. (Яъни ана шундай савобга эга бўлади дейилмоқда.)  Ҳофиз Мунзир раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадисни шарҳлаб, “ҳараж”дан ихтилофлар ва фитналар назарда тутилган, дейдилар. Баъзи олимлар “ҳараж” сўзини қотиллик деб шарҳлашган. Чунки ихтилоф ривожланган пайтда қотилликлар кўпаяди. Шунинг учун мусаббаб, яъни ўлим ихтилофнинг ўрнига қўйилган. (Ихтилофлардан қотилликлар келиб чиқади. Шунинг учун ихтилофлар сабаб деб олиниб, сабабларнинг натижасида урушлар бўлади, урушлардан қотиллик келиб чиқади. Шунинг учун унинг (ихтилоф, фитналарнинг) ўрнига қотиллик келтирилган.)

Абу Умайя Шайбоний: «Мен Саълабанинг олдига бориб: “Мана бу оят ҳақида нима дейсиз, дедим”, деди. У киши: “Қайси оят?” деди. Мен: “Моида сурасининг:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ عَلَيْكُمْ أَنفُسَكُمْ لاَ يَضُرُّكُم مَّن ضَلَّ إِذَا اهْتَدَيْتُمْ إِلَى اللّهِ مَرْجِعُكُمْ جَمِيعاً فَيُنَبِّئُكُم بِمَا كُنتُمْ تَعْمَلُونَ

“Эй мўминлар, ўзингизни билингиз! (яъни, гуноҳлардан сақланингиз!) Модомики, ҳақ йўлни тутган экансиз, адашган кимсалар сизларга зарар этказа олмас. Барчангиз ҳам Аллоҳга қайтишингиз бордир. Ана ўшанда Аллоҳ сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур”, (105) ояти” дедим. Саълаба: “Сиз хабарингиз бўлган ҳолида сўрадингиз, мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликларда бардавом бўлинглар, мункар ишлардан қайтаринглар. Агар бахил бошлиқни, ўз ҳавосига эргашгувчини, таъсир ўтказувчи пасткашни, ўз фикридан ўзи ажабланаётган кишиларни ва қўлларинг билан қайтара олмайдиган ишларни кўрсанг  ўз нафсингни ислоҳ қилгин. Албатта ҳали келажакда сабрли кунлар (яъни сабр қилишингиз керак бўлган кунлар)  келади. Ана  ўша кунларда сабр қилиш худди ёниб турган чўғни қўл билан ушлаб туришга ўхшайди. Мана шундай қийин кунларда амала қилагна кишига элликта амал қилган кишининг савоби берилади (яъни, савоби эллик маротаба зиёда қилинади)”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг расули, ана ўша даврда уларга бериладиган савоб ўз даврида келган умматларнинг элликтаси амал қилган миқдорича бериладими ё савобими, ё қилган амалларимизнинг эллик баробар савобими?” деб сўрашди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг бирингиз қилган амалларнинг эллик маротаба зиёдаси билан”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда бу ҳадиснинг айтилишига сабаб: Сизларнинг даврингизда яхшилик амалига ёрдам бергувчилар бўлади. У даврда эса яхшиликка ёрдам берувчилар бўлмайди”, бўлган деб келтиришади. Бу ҳадис кўпчилик Ислом динига кириб, кенг ёйила бошлаганда айтилган. Чунки ҳадиси шарифда: “Сизлар қилаётган яхши амалларингизга ёрдамчи топасизлар”, дейилмоқда. Бундай дейишдан сабаб илк Ислом даврида мусулмонлар озчилик бўлган. Қилаётган яхши амалларига ёрдамчи, ҳимоячиларни топа олишмас эди. Балки араблар уларга қарши тиш-тирноқлари билан курашишган.

Юқоридаги ҳадиси шарифда инсон  яхши амалларга чақиришда, ёмон амаллардан қайтаришда тўхтамаслиги керак. Аммо вазият оғирлашиб, инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришнинг имкони бўлмаса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Агар бир ёмон ишни кўрсангиз-у, лекин уни қайтаришни имкони бўлмаса, албатта ёрдам ва қувват Аллоҳ таолодандир. Ана ўша пайтда мўмин киши Аллоҳ таоло ўзи тақдир қилган нарса малга ошгунча  сабр  қилиб туриши керак”, деган ҳадисларига мурожаат қиламиз.

Лутпиллаев Шамсиддин

Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчиси 

238160cookie-checkУзоқ умр кўрай десангиз

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: