islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Ҳaдис илми мaктaбида ижодий имтиҳон жараёнлари бошланди

Мамлакатимизда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган олий ўқув юртларига қабул имтиҳонлари доирасида 2021 йил 23 июль куни Ҳадис илми мактабида 2021-2022 ўқув йили учун “Ҳадис ва мусталаҳул ҳадис” ва “Араб тили” фанлари бўйича ижодий имтиҳонлари бошланди. Эрта тонгдан абитуриентлар, имтиҳонда қатнашадиган профессор-ўқитувчилар ва мактаб жамоаси иштирокида тадбир бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Ҳадис илми мактаби Ахборот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков иштирок этди.

Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон Юсупов тадбирни кириш сўзи билан очиб, қабул имтиҳонларига тайёргарлик жараёнлари, имтиҳонларда абитуриентларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот бериб ўтди.

Тадбирда иштирок этган Музаффар Комилов, Ҳомиджон Ишматбековлар Ҳадис илми мактабининг ташкил этилиш мақсад ва вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтиб, келажакда мазкур даргоҳдан буюк алломаларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом  Доримий каби уламолар етишиб чиқиши учун эзгу тилаклар билдириб ўтилди. Қабул имтиҳонларини юқори савияда ташкил этиш, имтиҳонларни шаффоф, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминлаш, абитуриентларнинг энг билимлиларини саралаб олиш асосий мақсад экани алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита Диний таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ишлаш бўлими бошлиғи Б.Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими мудири С.Шерхоновлар томонидан ижодий имтиҳон ва тест синовлари учун тайёрланган қабул материаллари, ижодий имтиҳонларни ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.

Эслатиб ўтамиз, Ҳадис илми мактабига ҳужжат топширган абитуриентлар учун “Ўзбекистон тарихи” фани бўйича тест синовлари эртага 24 июль куни бўлиб ўтади.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

240240cookie-checkҲaдис илми мaктaбида ижодий имтиҳон жараёнлари бошланди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: